Истиқлол туҳфаси: Вобкентда тиббиёт ва 3 та таълим маскани янгиланди
2026-08-29 15:00:00 / Янгиликлар

“Чармгарон” маҳалласида замонавий тиббиёт муассасаси, “Ҳажувон” ва “Кулолчи” маҳаллаларида эса 3 та таълим маскани янгиланиб, фойдаланишга топширилди.
Жумладан, “Чармгарон” маҳалласи Тадбиркор кўчасида жойлашган Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими биноси маънан эскириб, замонавий талабларга жавоб бермай қолган эди.
Эндиликда ушбу бино 5,5 миллиард сўм маблағ эвазига “Жўйнав Савдо Барака” МЧЖ томонидан замонавий талаблар асосида реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди. Бу эса нафақат аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш имкониятларини кенгайтирди, балки муассаса ходимлари учун ҳам қулай ва замонавий меҳнат шароитларини яратди.
Янги муассаса бир сменада 60 қатновга хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлиб, туман ҳудудида истиқомат қилувчи қарийб 153 минг нафар фуқарога тиббий хизмат кўрсатишда муҳим аҳамият касб этади.
Тантанали очилиш маросимида таъкидланганидек, Мустақиллик халқимиз ҳаётида янги даврни бошлаб берган, юртимизнинг бугуни ва буюк келажаги учун мустаҳкам пойдевор яратган улуғ тарихий неъматдир. Истиқлол йилларида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббий хизмат сифатини ошириш ва соҳа инфратузилмасини замонавийлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
— Ишонаманки, ушбу замонавий маскан узоқ йиллар давомида маҳалла фуқароларига сифатли тиббий хизмат кўрсатиб, уларнинг саломатлигини асраш ва мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшади, — деди туман ҳокими.
“Ҳажувон” маҳалласида жойлашган 37-умумий ўрта таълим мактабининг янги ўқув биноси ҳам фойдаланишга топширилиб, ўқувчилар учун янада қулай таълим олиш имкониятлари яратилди.
Осиё тараққиёт банки дастури асосида мактабнинг мавжуд 330 ўринли биноси таъмирланди. Шунингдек, умумий лойиҳа қиймати 4 миллиард 90 миллион сўм бўлган маблағ ҳисобидан 180 ўринли янги ўқув биноси барпо этилди.
Айни пайтда мактабда 52 нафар педагог ходим фаолият юритмоқда. Таълим муассасаси битирувчиларининг эришаётган натижалари ҳам эътиборга лойиқ. 2025–2026-ўқув йилида мактабни 12 нафар ўқувчи тамомлаган бўлиб, уларнинг 5 нафари давлат, 1 нафари эса хусусий олий таълим муассасасига ўқишга қабул қилинган.
Битирувчиларнинг олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичи 50 фоизни, ўртача балл эса 109,1 баллни ташкил этди. Бу натижа аввалги ўқув йилига нисбатан 27 фоизга юқори.
Янги ўқув биносида яратилган замонавий шароитлар ўқувчиларнинг сифатли таълим олиши, билим ва кўникмаларини ривожлантириши, қобилият ва истеъдодларини намоён этиши учун кенг имконият яратади.
Мазкур маҳалладаги 6-умумий ўрта таълим мактаби ҳам замонавий қиёфада қайта қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Осиё тараққиёт банки дастури асосида амалга оширилган реконструкция ишлари доирасида умумий қиймати 3 миллиард 500 миллион сўм бўлган лойиҳа асосида 150 ўринли янги ўқув биноси барпо этилди. Шунингдек, мактабда ўқувчилар учун муҳим бўлган кутубхона ва буфет ҳам замонавий талаблар асосида қайта қурилди.
Янги бино ва қўшимча шарт-шароитлар ўқувчиларнинг сифатли таълим олиши, китоб мутолааси билан шуғулланиши ҳамда бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун янада кенг имконият яратади.
“Кулолчи” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 2-умумий ўрта таълим мактабининг янги биноси ҳам фойдаланишга топширилди.
Лойиҳа доирасида умумий қиймати 9 миллиард 901 миллион сўм бўлган маблағ эвазига 660 ўринли, 4 қаватли замонавий мактаб биноси янгидан барпо этилди. Янги таълим маскани ўқувчиларнинг замонавий билим олиши, фанларни чуқур ўзлаштириши ва бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун зарур шароитлар билан таъминланган.
Янги мактаб биноси ўқувчилар учун сифатли таълим олиш, ўз қобилиятларини ривожлантириш ва келажакда муносиб касб эгаллашлари учун янада кенг имкониятлар яратади.
Умуман, Мустақиллик байрами арафасида Вобкент туманида соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари аҳоли ҳаётида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Зеро, замонавий тиббиёт муассасалари аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга, янги ва таъмирланган мактаблар эса ёш авлодга сифатли таълим бериш учун муносиб шароит яратишга хизмат қилади.
Инсон қадри, унинг саломатлиги ва таълим-тарбиясига қаратилган ҳар бир эзгу ташаббус — юрт тараққиёти ва халқ фаровонлигига қўшилган муносиб ҳиссадир.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









