35 йиллик тантаналар арафасида: Когонда мактаблар янгиланмоқда
2026-08-29 12:10:00 / Янгиликлар

Жумладан, “Чолоки” маҳалласидаги 20-сон умумий ўрта таълим мактабида ўқувчилар шу вақтга қадар икки сменада таҳсил олиб келаётган эди. Бу ноқулайликни бартараф этиш мақсадида “Ислом тараққиёт банки ва ОПЕК жамғармаси” лойиҳаси доирасида 2 миллиард 50 миллион сўм маблағ йўналтирилиб, “Зиё Шаҳриёр қурилиш” МЧЖ томонидан икки қаватли, 100 ўринли қўшимча бино барпо этилди.
Янги бинонинг фойдаланишга топширилиши мактаб қувватини ошириш, ўқувчилар учун қулай таълим муҳитини яратиш ва ўқув жараёнини янада самарали ташкил этиш имконини бермоқда.
“Сараён” маҳалласидаги 12-сон умумтаълим мактаби ҳам янги ўқув йили арафасида капитал таъмирдан чиқарилиб, фойдаланишга топширилди. Мактабни таъмирлаш ишларига 3 миллиард 815 миллион сўм маблағ йўналтирилиб, “Зиё Шахриёр қурилиш” МЧЖ қурувчилари томонидан замонавий таълим талабларига мос ишлар амалга оширилди.
Янгиланган таълим масканида ўқувчиларнинг сифатли билим олиши, педагогларнинг самарали фаолият юритиши учун зарур шароитлар яратилди. Мактаб янги 2026–2027-ўқув йилига тўлиқ тайёр ҳолга келтирилди.
Айниқса, биринчи синфга қадам қўядиган ўқувчилар учун Президент совғалари, барча синфлар учун дарсликлар тўлиқ етказиб берилгани янги ўқув йилига тайёргарликнинг муҳим жиҳатларидан бири бўлди.
Туманда таълим муассасаларини янгилашга қаратилган бундай лойиҳалар ўқувчилар учун замонавий ва хавфсиз муҳит яратиш, педагоглар меҳнати учун муносиб шароитларни таъминлаш ҳамда таълим сифатини оширишга хизмат қилмоқда.
Мустақиллик байрами арафасида фойдаланишга топширилган янги ва янгиланган таълим масканлари Когон туманидаги ўқувчилар, устозлар ва ота-оналар учун муносиб байрам туҳфаси бўлди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








