Ромитан: “Bukhara Karakul Islam” MЧЖ ҳам бежирим либослари билан ўз брендини яратмоқда
2026-08-29 12:05:00 / Янгиликлар

Ромитан туманида яшаб ўтган уста ҳунарманд сулолалардан бири Қурбон Сафаров ҳам 40 йилдан кўпроқ умрини қоракўл теридан тайёрланган маҳсулотларни дунёга таратишга бағишлаган. Ҳунарманднинг гарчи чекка бир ҳудудда етиштирилган қоракўл терилари ва улардан тайёрлаган бетакрор либослари дунё бўйлаб ўз харидорларларига эга бўлган. Қўли гул ҳунарманд Қурбон Сафаровдан йирик қўл меҳнати намуналари коллекцияси, ўнлаб хос шогирд ва халқ амалий санъати намуналаридан иборат мерос қолди. Ўлмас ҳунар давом эттирилмоқда.
Айтиш жоимзки, бугун ҳам етук ҳунарманднинг ташаббуси билан ташкил қилинган "Bukhara Karakul Islam" масъулияти чекланган жамиятида тайёрланаётган маҳсулотларга харидор бисёр. Айни кунда 30 нафар ишчи, чевар меҳнат қилаётган корхона гавжум, анжомлари Хитой давлатидан келтирилган. Бежирим кийим бошлар Хитой, Манголия, Россия, Қозоғистон давлатларига эпспорт қилинаётгани баробарида ички бозорларимизда сотилмоқда.
Отасининг дуосини олган Ислом Сафаров ҳам доимий ҳаракат ва изланишда. Янги дизайн, услуб, либослар ҳақида бош қотиради. Дунё бозорлари талабларини ўрганади. Онажониси Нилуфар Муродова, синглиси Сабрина Сафаровалар маслаҳатларига таянади. Шу боис, чеварлар корхонаси кундан кунга ривожланиб, ўз брендига—ёрлиғига эга бўлиб бормоқда. Хом ашё, қоракўл терининг асосий қисми ўзимизда бўлса, қўшимча Афғонистон давлатидан ҳам харид қилинмоқда.
Табиий, тоза, бежирим қоракўли теридан тайёрланган кийим-бошлар гўзаллиги, бежирим, ярашиқлилиги ила буюртмачиларини лол этиб, яратувчиларига олқишлар олиб келаверади. “Bukhara Karakul Islam” MЧЖ раҳбари томонидан теридан турли хилдаги маҳсулот ишлаб чиқариш фаолиятини кенгайтириш мақсадида 270 минг АҚШ доллари миқдорида банк кредит маблағи ажратилишида амалий ёрдам сўраб мурожаат ҳам қилган.
Меҳнат жамоаси қоракўл тери маҳсулотларига сайқал бериш, янгича андозалар ташаббусини қўлга олган. Бугунга келиб оилавий устахонада 30 дан ортиқ турдаги маҳсулот, либослар ишлаб чиқарилмоқда. Булар орасида бош кийимлар, жойнамоз, сўзана, пальто, камзул, оёқ кийимлари ва бошқа кўплаб қўй терисидан тайёрланадиган миллий маҳсулотлар бор. Уларнинг ишлов жараёни эса ўзига хос: тери аввал чўпонлардан олинади, кейин эса оиланинг ўзи томонидан ошлаб, то тайёр маҳсулотгача етказилади.
Ушбу фаолият нафақат ҳунармандчилик, балки ижтимоий аҳамиятга ҳам эга. Ҳар йили, айниқса, куз мавсумида бу устахонада ишчилар “қўли-қўлига тегмайди”. Ҳар бир ишчи мавсум давомида ўртача 6-7 миллион сўм атрофида даромад ишлаб топиш имконига эга.
Муҳими, туманда бу каби намунали оилавий тадбиркорлар ўз меҳнати, сабр-тоқати ва ҳунарга бўлган ёндашуви орқали халқ амалий қўл меҳнати меросини нафақат сақлаб қолмоқда, балки уни янада ривожлантирмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









