Шофирконда янги ўқув йили — янгиланган мактаблар ва янги имкониятлар билан
2026-08-29 11:55:00 / Янгиликлар

Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида Шофиркон туманида ҳам бу борадаги ишлар янги босқичга кўтарилди. Тумандаги қатор таълим муассасалари капитал таъмирланиб, замонавий жиҳозлар билан таъминланди, янги ўқув бинолари ва спорт иншоотлари барпо этилди.
Янги ўқув йили арафасида мазкур таълим масканларининг фойдаланишга топширилиши ўқувчилар, устозлар ва ота-оналар учун муносиб байрам туҳфаси бўлди.
Жумладан, Жилвон қишлоғида жойлашган 26-сонли умумтаълим мактабида кенг кўламли янгиланишлар амалга оширилиб, таълим даргоҳи замонавий қиёфада фойдаланишга топширилди.
Тантанали тадбирда туман ҳокимлиги мутасаддилари, нуронийлар, мактаб жамоаси ва ота-оналар иштирок этиб, ўқувчилар ҳамда устозларни янгиланган шароитлар билан муборакбод этдилар.
Мазкур таълим маскани Осиё тараққиёт банки маблағлари ҳисобидан “Қишлоқ ҳудудларини барқарор ривожлантириш” дастури доирасида қарийб 5,5 миллиард сўм маблағ эвазига капитал таъмирланди.
Амалга оширилган қурилиш-таъмирлаш ишлари натижасида 330 ўринли янги ўқув биноси барпо этилди. Натижада мактабнинг умумий ўқувчи сиғими 476 нафарга етказилди.
Барча синф хоналари замонавий ўқув жиҳозлари, янги парта ва стуллар, электрон доскалар ҳамда хавфсизликни таъминловчи кузатув воситалари билан таъминланди.
Энг муҳими, яратилган янги шароитлар мактабда бир сменали таълим тизимига ўтиш имконини бермоқда.
Бу ўзгаришлар давлатимиз томонидан қишлоқ мактабларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилаётган эътиборнинг амалий ифодасидир.
“Дўрман” маҳалласида ҳам янги ўқув йилининг бошланиши муносабати билан тантанали тадбир ўтказилди. Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида таълим муассасасининг капитал таъмирдан чиқарилиб, замонавий қиёфада фойдаланишга топширилиши маҳалла аҳолиси, устозлар, ўқувчилар ва ота-оналар учун унутилмас воқеага айланди.
1965 йилда бунёд этилган мактаб кўп йиллар давомида минглаб ёшларнинг таълим ва тарбия олишида муҳим маскан бўлиб хизмат қилди.
Бугун эса у замонавий таълим даргоҳи сифатида янги қиёфа касб этди.
Ислом тараққиёт банки ва ОПЕК дастури доирасида қарийб 6 миллиард 386 миллион сўм маблағ йўналтирилиб, “Саидов Буилдинг” МЧЖ томонидан капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
720 ўринга мўлжалланган мактабда ўқувчилар учун барча зарур шароитлар яратилди. Синф хоналари замонавий ўқув жиҳозлари билан таъминланиб, ёшларнинг сифатли билим олиши, ўз иқтидор ва салоҳиятини намоён этиши учун қулай муҳит шакллантирилди.
Айни пайтда мактабда 513 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Уларга 56 нафар педагог таълим-тарбия бермоқда. Уларнинг 17 нафари миллий ва халқаро даражадаги сертификатларга эга.
Таълим сифатига қаратилаётган эътибор ўз натижасини бермоқда. 9–11-синф ўқувчилари орасида миллий ва халқаро сертификат соҳиблари сони 18 нафарга етган.
Ўтган ўқув йилида мактабни 32 нафар 11-синф битирувчиси тамомлаган бўлиб, уларнинг 13 нафари давлат олий таълим муассасаларига талаба бўлди.
Мустақилликнинг 35 йиллиги арафасида 42-сонли умумтаълим мактаби ҳам янгиланган қиёфада фойдаланишга топширилди.
1989-йилда бунёд этилган, 180 ўринга мўлжалланган мазкур мактаб йиллар давомида фойдаланиш натижасида таъмирталаб ҳолатга келган эди.
Жорий йилда ОПЕК дастури доирасида ажратилган қарийб 5,2 миллиард сўм маблағ ҳисобидан мактаб биносида капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Таълим олиш учун зарур шарт-шароитлар яхшиланиб, ўқувчилар ва педагоглар учун замонавий муҳит яратилди.
Мактаб ҳудудида ўқувчиларнинг жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланишлари учун 12х24 метр ўлчамдаги янги спорт зали ҳам барпо этилиб, фойдаланишга топширилди.
Бугунги кунда мактабда 308 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Уларга 33 нафар педагог таълим-тарбия бермоқда. Ўқитувчиларнинг 13 нафари миллий ва халқаро даражадаги нуфузли сертификатларга эга.
Мактаб ўқувчиларининг таълимдаги натижалари ҳам таҳсинга лойиқ. Хусусан, 2025–2026-ўқув йилида мактабни тамомлаган 11 нафар битирувчининг 8 нафари давлат ва хусусий олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинди.
Тантанали тадбир давомида таълим масканини янгилашда фаол иштирок этган қурувчи ва мутахассисларнинг меҳнати ҳам алоҳида эътироф этилди.
Шофиркондаги мазкур таълим масканларида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари бир жиҳат билан муштарак — уларнинг барчасида ўқувчилар учун муносиб, замонавий ва хавфсиз таълим муҳитини яратиш мақсади мужассам.
Замонавий синф хоналари, электрон доскалар, янги жиҳозлар, спорт иншоотлари ва бошқа қулайликлар ўқувчиларнинг сифатли билим олиши билан бирга, уларнинг иқтидори ва қобилиятини рўёбга чиқариши учун ҳам кенг имконият яратади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









