Истиқлол туҳфаси: Вобкентда яна икки мактаб янгиланиб, фойдаланишга топширилди
2026-08-28 20:05:00 / Янгиликлар

Ана шундай бунёдкорлик ишлари доирасида “Сўфидеҳқон” ва “Хўжаработ” маҳаллаларидаги 18- ва 7-сонли умумий ўрта таълим мактабларида қурилиш ва мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, таълим масканлари ўқувчилар ихтиёрига топширилди.
“Сўфидеҳқон” маҳалласидаги 18-сонли умумий ўрта таълим мактаби учун 624 ўринли замонавий янги ўқув биноси барпо этилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 25 декабрдаги ПҚ-404-сон қарори асосида инвестиция дастури доирасида амалга оширилган лойиҳанинг умумий қиймати 4 миллиард 300 миллион сўмни ташкил этди.
Янги мактаб биносининг очилишига бағишланган тадбирда туман ҳокимлиги мутасаддилари, маҳалла фаоллари, нуронийлар, педагоглар, ота-оналар ва ўқувчилар иштирок этди.
Яратилган замонавий шароитлар ўқувчиларнинг пухта билим олиши, бўш вақтини мазмунли ўтказиши ва қобилиятларини ривожлантириши учун кенг имконият яратмоқда. Айни пайтда мактабда 64 нафар педагог ва ходим фаолият юритмоқда.
Таълим муассасасининг натижалари ҳам эътиборга лойиқ. Битирувчиларнинг олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичи 66 фоизни ташкил этиб, аввалги ўқув йилига нисбатан 7 фоизга ошди.
Тадбирда рамзий лента кесилиб, мактабнинг рамзий калити таълим муассасаси жамоасига топширилди. Иштирокчилар янги бинода яратилган шароитлар билан танишдилар.
“Хўжаработ” маҳалласидаги 7-сонли умумий ўрта таълим мактаби ҳам замонавийлаштирилиб, фойдаланишга топширилди.
Осиё тараққиёт банки дастури асосида амалга оширилган лойиҳа доирасида мактаб 6 миллиард 100 миллион сўм маблағ ҳисобидан мукаммал таъмирланди. Бинонинг ички ва ташқи қисми янгиланиб, ўқувчилар ва педагоглар учун зарур шарт-шароитлар яратилди.
Дарҳақиқат, замонавий мактаб — бу шунчаки янги ёки таъмирланган бино эмас. У ёш авлоднинг билим олиши, истеъдод ва қобилиятини намоён этиши, келажакда муносиб ўрин эгаллаши учун зарур муҳитни яратади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









