Вобкентда янги ўқув йилига муносиб тайёргарлик: яна икки мактаб замонавий қиёфа касб этди
2026-08-28 08:25:00 / Янгиликлар

Таълим соҳасига қаратилаётган эътибор, аввало, фарзандларимизнинг сифатли билим олиши, уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиши, спорт билан шуғулланиши ва замонавий шароитларда таълим-тарбия олиши учун кенг имкониятлар яратишда намоён бўлмоқда.
Айниқса, янги ўқув йили арафасида тумандаги таълим муассасаларини таъмирлаш, уларнинг инфратузилмасини яхшилаш, иситиш тизимларини янгилаш, спорт иншоотларини барпо этиш каби ишларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
“Мирвоши” маҳалласидаги 35-сон умумтаълим мактаби капитал таъмирдан чиқарилиб, бугун тантанали равишда фойдаланишга топширилди.
Мазкур таълим масканини мукаммал таъмирлаш ишларига 3 миллиард 878 миллион сўм маблағ йўналтирилди.
Амалга оширилган кенг кўламли ишлар натижасида мактаб биноси замонавий, шинам ва ўқув жараёнини самарали ташкил этиш учун барча зарур шароитларга эга таълим масканига айлантирилди.
Энди бу ерда ўқувчилар учун сифатли таълим олиш, педагоглар учун эса ўз касбий фаолиятини самарали ташкил этишга муносиб муҳит яратилди. Таълим муассасасининг янгиланиши ўқувчиларда мактабга бўлган қизиқиш ва иштиёқни янада ошириши, ўқитувчилар учун эса дарсларни замонавий ёндашувлар асосида ташкил этиш имкониятларини кенгайтириши шубҳасиз.
Янги ўқув йили арафасида мактаб жамоаси учун яна бир қувонарли жиҳат — таълим муассасаси 2026–2027-ўқув йилига тўлиқ тайёр ҳолга келтирилди.
Мактабга илк бор қадам қўядиган биринчи синф ўқувчилари учун Президент совғалари, барча ўқувчилар учун эса янги ўқув йилида фойдаланиш учун зарур дарсликлар тўлиқ етказиб берилган.
Бу эса ўқув йилининг дастлабки куниданоқ болалар учун барча шароитлар муҳайё бўлишини таъминлайди.
Шу куни “Кўлхатиб” маҳалласидаги 39-сон умумтаълим мактаби биноси ҳам тантанали равишда фойдаланишга топширилди.
Ушбу таълим муассасасида ҳам кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.
Мактаб ўқув биносини мукаммал таъмирлаш, замонавий ёпиқ спорт зали барпо этиш ҳамда таълим муассасасининг иситиш тизимини тўлиқ янгилаш мақсадида 4 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди.
Бажарилган ишлар натижасида мактабнинг нафақат ташқи қиёфаси, балки ўқув жараёни учун зарур ички инфратузилмаси ҳам тубдан яхшиланди.
Янги ёпиқ спорт зали эса ўқувчиларнинг жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланиши учун катта имконият яратади. Айниқса, йилнинг совуқ ва ноқулай об-ҳаво шароитларида ҳам болаларнинг спорт машғулотларини сифатли давом эттириши учун зарур шароит яратилгани аҳамиятлидир.
Замонавий спорт залида турли спорт тўгаракларини ташкил этиш, мусобақалар ўтказиш ва иқтидорли ёшларни спортга кенг жалб қилиш учун ҳам имкониятлар кенгайди.
Янгиланган иситиш тизими эса қиш мавсумида ўқувчилар ва педагоглар учун янада қулай, илиқ ва хавфсиз муҳитни таъминлашга хизмат қилади.
Тантанали тадбирда маҳалла фаоллари, нуронийлар, ота-оналар, ўқитувчилар, ўқувчилар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Янгиланган мактаб ва барпо этилган янги спорт зали маҳалла аҳлининг қувончига сабаб бўлди. Зеро, ҳар қандай бунёдкорлик ишининг замирида инсон қадри, айниқса, ёш авлод учун муносиб шароит яратишдек эзгу мақсад мужассам.
Тадбир давомида таълим муассасаларини таъмирлаш ва замонавий қиёфага келтиришда ўз ҳиссасини қўшган барча инсонларга нуронийлар томонидан самимий миннатдорлик билдирилди. Яхши ниятлар билдирилиб, амалга оширилаётган эзгу ишлар давомли бўлиши, фарзандларимиз камолоти ва юрт фаровонлиги йўлидаги бунёдкорлик ишлари янада кўпайиши учун дуолар қилинди.
Дарҳақиқат, мактаб — нафақат таълим бериладиган маскан, балки ёш авлоднинг орзу ва мақсадлари шаклланадиган, унинг дунёқараши ва келажакка интилиши қарор топадиган муҳитдир.
Шу боис таълим муассасаларининг замонавийлаштирилиши, уларда муносиб шароитлар яратилиши эртанги кунга қўйилаётган энг муҳим ва устувор қадамлардан биридир.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









