Бухоролик бир гуруҳ нуронийларга “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони топширилди
2026-08-27 14:20:00 / Янгиликлар

Эътиборлиси, ушбу юксак эътироф нафақат меҳнат фаолияти билан жамият ривожига ҳисса қўшган фахрийларга, балки оила ва жамиятда юксак маънавий қадриятларни қарор топтиришга, фарзандларни миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқ, Ватанга муҳаббат ва масъулият руҳида тарбиялашга бутун умрини бағишлаган оналарга ҳам насиб этади.
“Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони — инсоннинг йиллар давомидаги меҳнатига берилган оддий мукофот эмас. Унда фидойилик, садоқат, сабр-тоқат ва эл-юртга хизмат қилишдек юксак фазилатлар мужассам. Айни пайтда бу эътироф ёш авлодга меҳнатнинг қадри, ҳалоллик ва фидойиликнинг ҳаётдаги ўрни ҳақида сабоқ беради.
Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси Васийлик кенгашининг тегишли қарорига мувофиқ, жорий йилда Бухоро вилоятидан 56 нафар нуроний “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Шу муносабат билан Бухоро шаҳридаги “Zarafshon Hall” маросимлар залида кенг жамоатчилик вакиллари, фахрийлар, нуронийлар ҳамда уларнинг яқинлари иштирокида тантанали тадбир ўтказилди.
Тадбирда вилоят ҳокими Ботир Зарипов иштирок этиб, I, II ва III даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонлари ҳамда пул мукофотларини ўз эгаларига тантанали равишда топширди. Вилоят раҳбари тақдирланганларни самимий муборакбод этиб, уларнинг кўп йиллик меҳнати, бой ҳаётий тажрибаси ва жамият ҳаётидаги фаол иштироки юксак қадрланишини таъкидлади.
Тантанали маросим давомида нуронийлар ва фахрийлар учун байрам дастурхони ёзилиб, вилоятнинг таниқли санъаткорлари томонидан куй-қўшиқлар ижро этилди. Мусиқа ва санъат намуналари тадбирга янада кўтаринки кайфият бағишлаб, меҳнат фахрийларига байрамона қувонч улашди.
Эътибор ва ғамхўрликдан мамнун бўлган нуронийлар ўзларига кўрсатилаётган юксак ҳурмат ва эҳтиром учун миннатдорлик билдирди. Улар юрт тинчлиги, мамлакатимиз осойишталиги, халқимиз фаровонлиги ва Ватанимиз тараққиётини сўраб дуога қўл очдилар.
Дарҳақиқат, йиллар давомида турли соҳаларда сидқидилдан меҳнат қилган, бугун эса бой тажрибаси, ҳаётий сабоқлари ва оқилона маслаҳатлари билан жамият тараққиётига ўз ҳиссасини қўшаётган нуронийларнинг меҳнатига бундай юксак баҳо берилиши катта аҳамиятга эга.
Зеро, нуронийлар — халқимизнинг маънавий таянчи, бой ҳаётий тажриба ва ибрат мактабидир. Уларни эъзозлаш, меҳнатини қадрлаш, жамиятдаги муносиб ўрнини янада мустаҳкамлаш — миллий қадриятларимизга хос эзгу анъаналардан биридир.
“Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланган бухоролик нуронийлар тимсолида яна бир ҳақиқат намоён бўлди: эл-юрт учун қилинган ҳалол меҳнат ҳеч қачон унутилмайди. Бундай инсонларнинг ибратли умр йўли эса келажак авлод учун муносиб намуна бўлиб қолаверади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати







