Бухороликларга “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги” эсдалик нишонлари тантанали топширилди
2026-08-26 19:35:00 / Янгиликлар

Уларнинг эл-юрт олдидаги муносиб хизматларини, ибратли фазилатларини юксак қадрлаш ва рағбатлантириш кўпмиллатли жамиятимиз аъзолари, айниқса, ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат туйғуларини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 22 августдаги “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги” эсдалик нишони билан тақдирлаш тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, мамлакатимизнинг иқтисодий қудратини юксалтириш, тадбиркорлик ва хусусий секторни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли фаровонлигини ошириш, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида ислоҳотлар самарадорлигини таъминлашда фаоллик кўрсатаётган юртдошларимиз “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги” эсдалик нишони билан тақдирланди.
Шунингдек, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, юртимизда тинчлик-осойишталик, миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш, Янги Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшаётган фидойи ватандошларимиз ҳам мазкур юксак эътирофга муносиб кўрилди.
Қувонарлиси, “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги” эсдалик нишонига сазовор бўлганлар сафида 2 020 нафар бухоролик юртдошларимиз ҳам бор.
Айни кунларда байрамолди тадбирлари доирасида давлат органлари ва ташкилотлари, жамоат бирлашмалари ҳамда бошқа идораларда эсдалик нишони билан тақдирланганларга мукофотлар тантанали равишда топширилмоқда.
Вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган ана шундай тантанали маросимда бир гуруҳ бухороликларга давлатимизнинг юксак эътирофи — “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги” эсдалик нишони топширилди.
Тадбирда сўзга чиққан вилоят ҳокими Ботир Зарипов эътирофга муносиб кўрилган юртдошларни самимий муборакбод этди. Вилоят раҳбари уларнинг мамлакатимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги ва юртимиз равнақи йўлидаги фидокорона меҳнатини алоҳида таъкидлаб, келгусидаги фаолиятида муваффақиятлар тилади.
Шундан сўнг эсдалик нишонлари ўз эгаларига тантанали равишда топширилди.
Мукофотланганлар ўзларига билдирилган юксак ишонч ва эътироф учун Президентимизга самимий миннатдорликларини изҳор этиб, Ватан тараққиёти ва халқ фаровонлиги йўлида янада фидокорона меҳнат қилишларини таъкидладилар.
Ушбу юксак эътироф юртдошларимизни янги марралар сари руҳлантириб, мамлакатимиз тараққиётига янада муносиб ҳисса қўшишга ундайди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








