Бухороликларга юксак давлат мукофотлари тантанали тарзда топширилди
2026-08-26 19:25:00 / Янгиликлар

Қувонарлиси, ушбу юксак эътирофга сазовор бўлганлар орасида 22 нафар бухоролик ҳам бор. Улар давлат хизмати, ишлаб чиқариш, ижтимоий-иқтисодий соҳа, таълим, тиббиёт, маданият ва бошқа йўналишлардаги кўп йиллик самарали меҳнати, касбига садоқати ҳамда вилоят тараққиётига қўшаётган муносиб ҳиссаси учун давлат мукофотларига муносиб кўрилдилар.
Вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган тантанали тадбирда мукофотланганларнинг меҳнати ва фидойилиги алоҳида эътироф этилди.
Маросимда сўзга чиққан вилоят ҳокими Ботир Зарипов сўнгги йилларда Президентимиз раҳбарлигида Бухоро вилоятида ҳудудларни ободонлаштириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, турмуш сифати ва ҳаёт даражасини ошириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга алоҳида тўхталди.
Таъкидланганидек, жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда 275 мингта янги иш ўрни яратилди. Аҳолининг камбағаллик даражаси ўтган йилнинг шу давридаги 6 фоиздан 2 фоизга қисқартирилди.
Айни пайтда 336 та ижтимоий соҳа объектида қурилиш ва ободонлаштириш ишлари жадал давом этмоқда. Хусусан, Бухоро вилояти ҳудудидан ўтувчи умумий фойдаланишдаги ҳамда ички хўжалик автомобиль йўлларида 500 миллиард сўмлик, аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш бўйича эса 198 миллиард сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилди.
Аҳолининг замонавий уй-жойларга бўлган талаб ва эҳтиёжини таъминлаш мақсадида 2026 йилда 7 минг хонадонга мўлжалланган 128 та кўп қаватли турар жой биноси барпо этилмоқда.
— Албатта, барчамизни хурсанд қиладиган бундай ўзгаришлар минг-минглаб оилалар ҳаётига шодлик ва бахт олиб келмоқда. Шу билан бирга, Юртбошимиз ташаббуслари билан вилоятимизда бунёдкорлик ишлари кўлами тобора кенгайиб бормоқда. Айни пайтда Туризм мажмуаси, янги халқаро аэропорт биноси, Бухоро давлат университетининг янги кампуси, «Бухоро саноатни ривожлантириш комплекси» махсус саноат парки каби йирик объектларда ишлар юқори суръатда олиб борилмоқда, — деди Ботир Зарипов.
Қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам ислоҳотларнинг изчил амалга оширилиши натижасида давлатга пилла ва дон сотиш бўйича шартномавий режалар республикада биринчилардан бўлиб ортиғи билан бажарилиши таъминланди. Пахтакорлар ҳам юқори маррани кўзлаб, баракали меҳнат қилмоқда.
Иссиқхона хўжалиги, боғдорчилик, сабзавот-полизчилик, чорвачилик ва қишлоқ хўжалигининг бошқа йўналишларида ҳам салмоқли натижалар қўлга киритилмоқда.
«Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!» шиори остида ўтказилаётган жорий йилги байрам тантаналарида истиқлолимизнинг ўттиз беш йиллик тарихи, айниқса, Янги Ўзбекистоннинг юксалиш даврида эришган салмоқли ютуқлари, улкан бунёдкорлик ишлари мадҳ этилмоқда. Барчанинг тилида шу юртда, шу азиз Ватанда яшаш бахтидан шукроналик туйғулари янграмоқда.
Тадбирда вилоят раҳбари давлат мукофотларига муносиб кўрилган юртдошларни юксак эътироф билан самимий муборакбод этиб, уларга келгусидаги фаолиятида янада улкан зафарлар тилади.
—Инсон меҳнати қадрланган, унинг манфаатлари улуғланган юртда Ватан тараққиёти йўлида меҳнат қилган, Учинчи Ренессансни барпо этишга ўз ҳиссасини қўшаётган ҳар бир шахс қадр топади. Давлат мукофоти — бу нафақат меҳнатга берилган юксак баҳо, балки инсонни янги марралар сари руҳлантирадиган катта эътироф ва масъулиятдир, — деди вилоят ҳокими.
Шундан сўнг юксак давлат мукофотлари ўз эгаларига тантанали равишда топширилди.
Тақдирланганлар номидан сўзга чиққанлар юксак эътироф ва билдирилган ишонч учун Президентимизга самимий миннатдорликларини изҳор этиб, Ватан равнақи ва халқ фаровонлиги йўлидаги фаолиятларини янада сидқидилдан давом эттиришларини таъкидладилар.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









