Олот: “Халифа”да замонавий кўнгилочар ва ҳордиқ маскани ташкил этилмоқда
2026-08-25 13:25:00 / Янгиликлар

Жумладан, “Халифа” маҳалласида кўп қаватли уйлар атрофидаги ҳудудни замонавий, кўркам ва аҳоли учун қулай масканга айлантиришга қаратилган янги лойиҳа амалга оширилмоқда.
Лойиҳа доирасида кўп қаватли уйлар олдида замонавий савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари, кўнгилочар объектлар барпо этиш, мавжуд ҳудудни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш кўзда тутилган. Мазкур лойиҳани амалга ошириш учун «PERFECT ARX PROJEKT» МЧЖ томонидан 2 миллиард 300 миллион сўм маблағ йўналтирилмоқда.
Ушбу маблағлар ҳисобидан ҳудуднинг мавжуд инфратузилмаси яхшиланиб, замонавий архитектура талаблари асосида янги объектлар барпо этилади. Шунингдек, яшил майдонлар кенгайтирилиб, манзарали дарахтлар ва гулзорлар барпо этилади, пиёдалар учун қулай йўлаклар ташкил қилиниб, ҳудуд янада обод ва файзли кўринишга келтирилади.
Лойиҳанинг муҳим жиҳатларидан бири — кўп қаватли уйлар ва уларга туташ ҳудудларда суғориш тизимини такомиллаштиришдир. Хусусан, замонавий ёмғирлатиб суғориш тизимини жорий этиш орқали яшил майдонларни мунтазам ва самарали суғориш, дарахт ва ўсимликларнинг яхши ривожланиши учун зарур шароит яратиш режалаштирилган.
Бу, ўз навбатида, ҳудуднинг янада яшил ва кўркам бўлиши, экологик муҳитнинг яхшиланиши ҳамда аҳоли учун соғлом ва мусаффо муҳит яратилишига хизмат қилади.
Янги мажмуада аҳолининг кундалик эҳтиёжларини қондиришга хизмат қиладиган савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари билан бир қаторда, фавворалар, сайр йўлаклари ва ҳордиқ чиқариш учун қулай масканлар ҳам ташкил этилади.
Натижада кўп қаватли уйларда истиқомат қилувчи аҳоли учун оилавий сайр қилиш, фарзандлар билан мазмунли вақт ўтказиш ва бўш вақтни самарали ташкил этиш имкониятлари янада кенгаяди.
Энг муҳими, мазкур лойиҳа ҳудуднинг ташқи қиёфасини янгилаш билан бирга, маҳалла аҳолиси учун қулай яшаш муҳити, замонавий инфратузилма ва обод, файзли ҳордиқ маскани яратишга хизмат қилади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









