“Мирзоқул”да янгиланишлар — маҳалла ҳаётидаги катта ўзгаришлар: 31 миллиард 950 миллион сўмлик лойиҳалар маҳалла инфратузилмасини янгилаб, аҳоли учун янги имкониятлар яратмоқда
2026-08-20 21:25:00 / Янгиликлар

Шофиркон туманининг “Мирзоқул” маҳалласида амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари ана шу мақсадларга қаратилгани билан аҳамиятли.
Ислом тараққиёт банки гуруҳи иштирокидаги “Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш” лойиҳаси доирасида маҳаллада таълим, тиббиёт, ичимлик суви, йўл, электр таъминоти, ирригация ва маиший хизмат кўрсатиш соҳаларини қамраб олган қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Яқинда Ислом тараққиёт банкининг Олмаота филиалидан лойиҳалар бўйича минтақавий менежер бошчилигидаги делегация аъзолари “Мирзоқул” маҳалласида бўлиб, амалга оширилган қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари билан танишдилар.
“Мирзоқул” маҳалласида лойиҳа доирасида амалга оширилган ишлар учун жами 31 миллиард 950 миллион сўм маблағ йўналтирилган. Бу маблағлар биргина битта объектни қуришга эмас, балки маҳалланинг ижтимоий ва муҳандислик инфратузилмасини комплекс равишда яхшилашга хизмат қилмоқда. Янги объектлар, таъмирланган таълим муассасалари, яхшиланган йўллар, ичимлик суви ва электр тармоқлари — буларнинг барчаси аҳолининг кундалик ҳаётида ўз ифодасини топаётган ўзгаришлардир.
Маҳалладаги энг йирик лойиҳалардан бири — уч қаватли маиший-хизмат кўрсатиш маркази. Унинг қурилиши учун 11 миллиард 264 миллион сўм маблағ ажратилди. Бугун мазкур марказ фойдаланишга топширилиб, ўз фаолиятини олиб бормоқда. Марказнинг ишга туширилиши маҳалла аҳолиси учун маиший ва хизмат кўрсатиш имкониятларини кенгайтирди. Энди аҳоли кўплаб хизматлардан ўз маҳалласида, яқин ва қулай шароитда фойдаланиш имкониятига эга. Бу эса нафақат аҳолига қулайлик, балки маҳаллада хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш ва янги иш ўринлари яратиш учун ҳам муҳим замин яратади.
Маҳаллада таълим соҳасини ривожлантиришга ҳам салмоқли маблағ йўналтирилди. Жумладан, 9-сон мактабгача таълим ташкилотини реконструкция қилиш учун 3 миллиард 168 миллион сўм маблағ сарфланди. Амалга оширилган реконструкция ишлари натижасида 90 ўринли замонавий мактабгача таълим маскани барпо этилди. Бу ерда болалар учун қулай, замонавий ва хавфсиз таълим-тарбия муҳити яратилган. Шунингдек, 28-сон умумтаълим мактабини таъмирлаш учун 4 миллиард 664 миллион сўм маблағ ажратилди. 540 ўринли мазкур таълим муассасасида амалга оширилган таъмирлаш ишлари ўқувчилар ва педагоглар учун янада қулай шароитлар яратишга хизмат қилмоқда. Айни пайтда ушбу мактаб ҳамда 9-сон мактабгача таълим ташкилоти филиалини Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан фойдаланишга топшириш режалаштирилган.
Маҳалла аҳолисига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида Мирзоқул оилавий шифокорлик пункти биноси ҳам реконструкция қилинмоқда. 50 қатновга мўлжалланган мазкур тиббиёт муассасасини реконструкция қилиш учун 1 миллиард 759 миллион сўм маблағ ажратилган. Янгиланган тиббиёт муассасаси маҳалла аҳолиси учун тиббий хизматларни янада яқинлаштириш, профилактика ва даволаш ишларини самарали ташкил этиш имконини беради.
Инфратузилма ҳақида гап кетганда, ичимлик суви таъминоти алоҳида аҳамиятга эга. “Мирзоқул”да аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 5,610 километр узунликдаги ичимлик суви тармоғи тортилди. Бу ишлар учун 1 миллиард 760 миллион сўм маблағ йўналтирилди.
Сифатли ичимлик сувининг хонадонга кириб келиши — оддий рақам ёки инфратузилма кўрсаткичи эмас. Бу, энг аввало, инсон саломатлиги, турмуш қулайлиги ва кундалик ҳаёт сифатидаги муҳим ўзгаришдир.
Маҳаллада йўл инфратузилмасини яхшилашга ҳам катта эътибор қаратилди. Узунлиги 6,167 километр бўлган магистрал ва ички йўллар жорий таъмирдан чиқарилди. Бу ишлар учун 4 миллиард 95 миллион сўм маблағ ажратилди. Бундан ташқари, аҳолининг хавфсиз ва қулай ҳаракатланишини таъминлаш мақсадида 5 километр узунликда пиёдалар йўлаклари қуриш учун 1 миллиард 230 миллион сўм маблағ йўналтирилди. Йўллар ва пиёдалар йўлакларининг яхшиланиши маҳаллада ҳаракатланиш хавфсизлигини ошириб, аҳоли учун янада қулай муҳит яратмоқда. Маҳаллада электр таъминотини яхшилаш бўйича ҳам салмоқли ишлар бажарилди. Жумладан, 10 та трансформатор подстанцияси ўрнатилиб, 9,2 километр узунликдаги электр тармоқлари тортилди. Ушбу ишлар учун 2 миллиард 250 миллион сўм маблағ сарфланди. Янги электр тармоқлари ва трансформатор подстанциялари аҳоли хонадонлари ҳамда ижтимоий объектларни барқарор электр энергияси билан таъминлаш имкониятини оширмоқда.
“Мирзоқул”да ирригация тизимини яхшилашга ҳам эътибор қаратилган. Маҳалла ҳудудидаги 3 километр ирригация тизимини яхшилаш учун 1 миллиард 760 миллион сўм маблағ йўналтирилди. Айни пайтда мазкур қурилиш ишлари якунига етказилмоқда. Ирригация тармоқларининг яхшиланиши қишлоқ хўжалиги ерларидан самарали фойдаланиш, сув таъминотини яхшилаш ва ҳудуднинг аграр салоҳиятини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Делегация ташрифи давомида лойиҳаларнинг фақат қурилиш жараёни эмас, балки аҳоли ҳаётига таъсирига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ичимлик суви тармоғи етказилган хонадонларда бўлиб, аҳоли ва нуронийлар билан мулоқот қилинди. Суҳбатлар давомида маҳаллада яратилган янги шароитлар, инфратузилма лойиҳаларининг кундалик ҳаётдаги аҳамияти ва сўнгги йилларда юз бераётган ижобий ўзгаришлар ҳақида фикр алмашилди. Бу мулоқотларда бир жиҳат яққол намоён бўлди: амалга оширилаётган ҳар бир лойиҳанинг марказида инсон манфаати турибди. Чунки янги мактаб — боланинг сифатли таълим олиши учун, реконструкция қилинган тиббиёт пункти — аҳоли саломатлиги учун, ичимлик суви тармоғи — муносиб турмуш учун, таъмирланган йўл — хавфсиз ҳаракат учун, янги хизмат кўрсатиш маркази эса аҳолига қулайлик ва янги имкониятлар учун хизмат қилади.
“Мирзоқул” маҳалласида амалга оширилаётган ишлар бир-бири билан узвий боғлиқ. Таълим, тиббиёт, ичимлик суви, йўл, электр, ирригация ва хизмат кўрсатиш соҳаларидаги янгиланишлар маҳалланинг умумий қиёфасини ўзгартириб, аҳоли учун янада муносиб яшаш шароитларини яратмоқда. Ислом тараққиёт банки гуруҳи иштирокидаги “Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш” лойиҳаси доирасида “Мирзоқул”га йўналтирилган 31 миллиард 950 миллион сўмлик маблағ айнан шу мақсадга — инсон қадрини улуғлаш, инфратузилмани янгилаш ва маҳалла аҳолисининг турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Зеро, барқарор тараққиётнинг энг муҳим мезони — қурилган иншоотлар сони эмас, балки улар орқали инсон ҳаётининг қай даражада яхшиланганидир. Мирзоқулдаги бугунги янгиланишлар ана шу мақсаднинг амалий натижаси сифатида намоён бўлмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









