Ягона Ватан, ягона халқ — эзгу ташаббус: Ғиждувонлик нуронийлар ва ёшлар Олoт заминида
2026-08-20 21:10:00 / Янгиликлар

Ана шундай тадбирлар доирасида Ғиждувон туманидан 100 нафар нуроний ва ёшлар Олoт туманида бўлиб, ҳудудда сўнгги йилларда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари билан танишишди.
Меҳмонларнинг Олoт заминидаги сафари оддий ташриф эмас, балки икки ҳудуд аҳолисини яқинлаштирувчи, тажриба ва қадриятлар алмашинувига хизмат қилувчи мазмунли мулоқотларга бой бўлди.
Меҳмонлар катта тантана, самимий эҳтиром ва ўзбекона меҳмондўстлик билан кутиб олинди. Ғиждувонлик меҳмонларнинг дастлабки манзили “Нуронийлар маскани” бўлди.
Бу ерда кекса авлод вакиллари учун яратилган шарт-шароитлар меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Улар кутубхона, соғломлаштириш хоналари, сартарошхона, шахмат-шашка зали, фаоллар хонаси, дам олиш ва овқатланиш жойлари билан яқиндан танишдилар. Масканнинг сўлим гўшасида меҳмонлар учун дастурхон ёзилиб, ош тортилди. Дастурхон атрофида тинчлик-осойишталик, тўкинлик, мустақиллик ва халқимиз ўртасидаги аҳиллик ҳақида самимий фикрлар билдирилди. Юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги ва осойишта ҳаётимиз бардавом бўлиши учун дуолар қилинди. Зеро, нуронийларга бўлган эҳтиром — халқимизнинг асрий қадриятларидан бири. Катта авлоднинг ҳаётий тажрибаси эса ёшлар учун доимо муҳим мактаб вазифасини ўтайди.
Сафар давомида меҳмонлар Олoт туманида амалга оширилаётган йирик инфратузилма лойиҳалари билан ҳам танишдилар. Жумладан, “Амударё-Бухоро” ирригация тизимларини қайта тиклаш ишлари доирасида амалга оширилаётган лойиҳалар эътибор марказида бўлди. Хусусан, “Амударё-Бухоро–1” насос станциясидаги қурилиш ишлари билан танишиш чоғида бу ерда амалга оширилган кенг кўламли ишлар ҳақида маълумот берилди. Қиймати 82 миллион 960 минг АҚШ долларига тенг бўлган мазкур лойиҳа тўлиқ якунланган. Мутахассислар маълумотига кўра, иншоот синов тариқасида ишлаган даврда 75 миллион киловатт-соат электр энергияси иқтисод қилиниб, қарийб 80 миллиард сўм маблағ тежалган. Мазкур иншоотнинг аҳамияти яна шундаки, у Бухоро ва Навоий вилоятларини сув билан таъминлашда муҳим ўрин тутади. Шу жиҳатдан, амалга оширилаётган ишлар нафақат ирригация тизимининг самарадорлигини ошириш, балки қишлоқ хўжалиги барқарорлиги ва ҳудудлар тараққиёти учун ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Сафарнинг энг мазмунли жиҳатларидан бири нуронийлар ва ёшлар ўртасидаги мулоқотлар бўлди. “Бир нуроний — ўн ёшга масъул” лойиҳаси доирасида “Кексаларнинг ҳаёти — биз учун ибрат” мавзусида учрашув ва тажриба алмашинуви ташкил этилди.
Унда нуронийлар ўзларининг ҳаётий тажрибалари, меҳнат фаолияти давомида орттирган сабоқлари ва ёш авлодга бериши мумкин бўлган тавсиялари билан ўртоқлашдилар. Шунингдек, “Миллий қадриятлар ва урф-одатлар бувижонлар талқинида” мавзусида самимий мулоқотлар ўтказилди. Унда миллий анъаналарни асраб-авайлаш, уларни ёш авлод онгига сингдириш ва оилада маънавий тарбияни кучайтириш масалалари ҳақида фикр алмашилди. Бундай учрашувлар, аввало, авлодлар ўртасидаги маънавий кўприкни мустаҳкамлаши билан аҳамиятли. Лойиҳа дастуридан маънавий-маърифий тадбирлар ҳам муносиб ўрин олди. Маънавият ва маърифат масканида “Китобхонлик оиладан бошланади” мавзусида ижодий учрашув ва шеърхонлик тадбири ўтказилди. Ахборот-ресурс марказидаги мулоқотларда эса китоб мутолаасининг инсон маънавий дунёсидаги ўрни, ёшлар маънавиятини юксалтириш ҳамда оилада китобхонлик муҳитини шакллантириш масалалари муҳокама қилинди. Китобхонликни оиладан бошлаш ғояси бежизга илгари сурилмаётир. Зеро, фарзанднинг китобга меҳри, аввало, унинг оиласида шаклланади. Оилада китоб қадрланган муҳитда улғайган ёшнинг дунёқараши ҳам кенг бўлади.
Тадбир доирасида “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида фаол нуронийлар иштирокида тажриба алмашинуви ҳам ташкил этилди. Унда аҳоли фаровонлигини ошириш, оилалар даромадини кўпайтириш, бандликни таъминлаш ва маҳаллаларда мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида фикр алмашилди. Шунингдек, “Нуронийлар маскани” мажмуасида нуронийлар ва уюшмаган ёшлар ўртасида шахмат-шашка мусобақалари ўтказилди. Спорт ва интеллектуал беллашувлар нафақат иштирокчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, балки авлодлар ўртасида самимий мулоқот ва дўстлик муҳитини шакллантиришга ҳам хизмат қилди.
Ғиждувонлик меҳмонларнинг муҳим ташриф манзилларидан яна бири “Икки даҳа” сув тозалаш иншооти бўлди. Бу ерда туманда ичимлик суви таъминотини яхшилаш борасида амалга оширилган ишлар, сўнгги йилларда барпо этилган йирик инфратузилма лойиҳалари ҳақида маълумот берилди. Айни пайтда мазкур сув тозалаш иншоотидан диаметри 700 миллиметр, узунлиги 22 километр бўлган магистрал қувурлар орқали Олoт ва Қоракўл туманларига ичимлик суви етказиб берилмоқда. Йирик лойиҳанинг самараси ҳам салмоқли. Унинг натижасида Олoт тумани аҳолисининг 99,6 фоизи марказлашган ичимлик суви билан таъминланган. Ғиждувонлик меҳмонлар замонавий иншоот фаолияти билан танишар экан, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, инсон учун муносиб яшаш шароитларини яратишга қаратилган бундай амалий ишларга юқори баҳо бердилар.
Сафар якунида меҳмонлар учун яна бир бор дастурхон ёзилиб, бир пиёла чой устида самимий суҳбатлар давом этди. Куй-қўшиқлар, фольклор чиқишлари ва дил сўзларига бой давра ўзбекона меҳмондўстлик, меҳр-оқибат ва ўзаро ҳурматнинг ёрқин ифодасига айланди.
Бу учрашувларда бир ҳақиқат яна бир бор намоён бўлди: турли ҳудудларда яшасак-да, бизни бирлаштириб турадиган қадриятлар, мақсад ва орзуларимиз муштарак. Ғиждувонлик нуронийлар ва ёшларнинг Олoт заминига ташрифи — ягона Ватан, ягона халқ ва муштарак келажак йўлидаги ҳамжиҳатликнинг ёрқин намунаси бўлди.
Бундай учрашувлар ҳудудлар ўртасидаги дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш, илғор тажрибаларни ўрганиш, миллий қадриятларни асраб-авайлаш ва авлодлар ворисийлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Энг муҳими, бу каби эзгу ташаббуслар инсонларни бир-бирига яқинлаштиради, ёшларни катта авлод ҳаётий тажрибасидан баҳраманд этади ва юртимизда тинчлик, тотувлик ҳамда фаровонликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









