Шофиркон: “Тезгузар” маҳалласида янги мактабгача таълим маскани иш бошлади
2026-08-20 09:40:00 / Янгиликлар

Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида “Тезгузар” маҳалласида 20-сон давлат мактабгача таълим ташкилоти филиалининг янги биноси фойдаланишга топширилди. Янги муассасанинг очилиши маҳалла аҳолиси, айниқса, ота-оналар ва болалар учун қувончли воқеа бўлди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Ислом тараққиёт банки делегацияси вакиллари, маҳалла фаоллари, нуронийлар, тарбиячилар, ота-оналар ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
90 ўринга мўлжалланган мазкур филиал “FAST QUALITY BUILDING” МЧЖ томонидан реконструкция қилинди. Бинони таъмирлаш, моддий-техник базасини яхшилаш ва болалар учун зарур шароитларни яратиш мақсадида 3 миллиард 37 миллион 51 минг сўм маблағ йўналтирилди.
Реконструкция ишлари натижасида тарбияланувчилар учун замонавий ва шинам муҳит яратилди. Бу ерда болаларнинг таълим-тарбия олиши, бўш вақтини мазмунли ўтказиши ва ҳар томонлама ривожланиши учун зарур имкониятлар мавжуд.
Айни пайтда филиалда 3 та гуруҳ — 2 та тайёрлов ва 1 та кичик гуруҳ фаолият юритмоқда. Болаларга таълим-тарбия бериш жараёнига 14 нафар малакали тарбиячи ва мутахассис жалб этилган.
Янги филиалнинг ишга туширилиши “Тезгузар” маҳалласида мактабгача ёшдаги болаларни таълим билан қамраб олиш имкониятларини кенгайтирди. Шунингдек, ота-оналар учун қўшимча қулайликлар яратилиб, болаларнинг мактаб таълимига сифатли тайёргарлик кўриши учун янада яхши шароит пайдо бўлди.
Тадбирда таъкидланганидек, мактабгача таълим ташкилотларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, замонавий шароитлар яратиш ва таълим сифатини ошириш ёш авлоднинг интеллектуал, жисмоний ва маънавий камолотига хизмат қилади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









