Ғиждувонда яна бир замонавий мактабгача таълим ташкилоти фойдаланишга топширилди
2026-08-19 11:40:00 / Янгиликлар

Хусусан, тумандаги “Оқгул” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 18-сон давлат мактабгача таълим ташкилотининг мукаммал таъмирланган биноси ҳамда янги қўшимча биноси фойдаланишга топширилди.
Мазкур таълим ташкилоти Ислом тараққиёт банки ва ОПЕК Халқаро тараққиёт жамғармаси иштирокида амалга оширилаётган “Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш” лойиҳаси доирасида 4,2 миллиард сўм маблағ ҳисобидан мукаммал таъмирланди. Шунингдек, 90 ўринга мўлжалланган янги қўшимча бино барпо этилиб, тарбияланувчилар учун замонавий, қулай ва хавфсиз шарт-шароитлар яратилди.
Янги мажмуанинг фойдаланишга топширилиши муносабати билан ўтказилган тантанали тадбирда туман ҳокимлиги, Мактабгача ва мактаб таълими бўлими мутасаддилари, таълим ташкилоти ходимлари, ота-оналар, нуронийлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбирда таъкидланганидек, мамлакатимизда мактабгача таълим тизимини ривожлантириш, болаларнинг сифатли таълим ва тарбия олиши учун муносиб шарт-шароитлар яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Зеро, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек: “Янги Ўзбекистон — мактаб остонасидан, таълим-тарбия тизимидан бошланади”.
Янги ва замонавий таълим масканининг фойдаланишга топширилиши ҳудуддаги болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш имкониятларини кенгайтириш, уларнинг ҳар томонлама интеллектуал, жисмоний ва маънавий ривожланиши учун янада қулай шарт-шароитлар яратишга хизмат қилади.
Тадбир давомида нуронийлар ҳам сўзга чиқиб, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хусусан, ёш авлод таълим-тарбиясига қаратилаётган юксак эътибор ва яратилаётган имкониятлар хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Шунингдек, юртимиз тинчлиги ва осойишталиги, халқимиз фаровонлиги ҳамда мамлакатимиз тараққиёти йўлида амалга оширилаётган эзгу ишларга ўзларининг самимий тилак ва дуоларини изҳор этдилар.
Тадбир иштирокчилари муассасада яратилган замонавий шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









