Бухоролик тадбиркорларга давлат мукофотлари ва "Фаол тадбиркор" кўкрак нишони топширилди
2026-08-18 17:10:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 13 августда қабул қилинган “Тадбиркорлар куни муносабати билан соҳа вакилларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони билан тақдирлаш тўғрисида”ги фармойишига асосан Янги Ўзбекистонда тадбиркорликни ҳар томонлама ривожлантириш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш борасида яратилган имкониятлардан унумли фойдаланиб, мамлакатимиз тараққиёти ва экспорт салоҳиятини юксалтириш, миллий иқтисодиётимизнинг барқарор ўсишини таъминлаш бўйича салмоқли натижаларга эришиб келаётгани, ўзининг ташаббускорлиги, билим ва тажрибасини намоён этиб, инвестицияларни жалб қилиш, импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш, замонавий хизматлар кўламини янада кенгайтириш, янги иш ўринлари ва даромад манбаларини яратиш орқали аҳоли фаровонлигини ошириш йўлида алоҳида жонбозлик кўрсатаётгани, шунингдек, ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки учун фидойи ишбилармонлар давлатимизнинг юксак орден, медаль ва нишонларига муносиб кўрилди.
Қувонарлиси шундаки, ушбу шарафли эътирофга сазовор бўлган бахтли инсонлари сафида вилоятимизнинг 10 нафар нафар вакиллари, жумладан, 4 нафар давлат мукофоти ҳамда 6 нафар кўкрак нишони соҳиблари ҳам бор.
Вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган байрам тадбирида Бухоро вилоятидан давлат мукофотларига муносиб кўрилган 3 нафар ҳамюртимизга орден ва медаллар, 5 нафар ишбилармонга “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони тантанали тарзда топширилди.
Тадбирда қатнашган Бухоро вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Ботир Зарипов соҳа жонкуярларини яқинлашиб келаётган Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллиги ва “20 август – Тадбиркорлар куни” билан табриклаб, вилоятимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида хусусий тадбиркорликнинг ўрни ва аҳамияти беқиёс эканлигини таъкидлади.
Эътироф этилганидек, кейинги ўн йилликда вилоятимиз макроиқтисодий кўрсаткичларида туб бурилиш ясалиб, барқарор ўсиш суръатлари таъминланди.
Жорий йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, вилоятимизда 26 минг 905 та кичик бизнес корхоналари фаолият кўрсатаётган бўлиб, уларнинг вилоятимиз ялпи ҳудудий маҳсулотидаги улуши 70,6 фоизни ташкил этмоқда. Қолаверса яратилган имкониятлардан унумли фойдаланган 3900 нафарга яқин тадбиркорларимиз ўрта ва йирик бизнесда ҳам муваффақиятли фаолият юритишмоқда.
Ўтган йилларга назар ташлайдиган бўлсак, тадбиркорларимизнинг фаолият йўналишлари, ишлаб чиқараётган маҳсулот турлари ҳам кенгайиб бораётганлигини кузатишимиз мумкин. Хусусан, мустақиллигимизнинг дастлабки йилларида аксарият тадбиркорларимиз фақатгина савдо-сотиқ билан шуғулланган бўлишса, бугунги кунда ишлаб чиқаришнинг тўқимачилик, қурилиш ашёлари, гўшт, сут, мевани қайта ишлаш, хизмат кўрсатишда туризм, алоқа, қурилиш, ошхона, тиббиёт, таълим сервиси каби 90 дан ортиқ турлар фаол йўлга қўйилди. Албатта, бу 100 минглаб яратилган янги иш ўрни, шунча оила ҳаётига олиб кирилган фаровонликдир.
-Энг қувонарлиси, бир пайтлар солиқ ва бошқа имтиёзлар эвазига ўз фаолиятини бошлаган тадбиркорларимиз эндиликда эҳтиёжманд аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлаш, муҳим ижтимоий объектларни барпо этиш ва бошқа долзарб йўналишларда саховатпеша ёрдамларини ҳам кўрсатишмоқда. Фурсатдан фойдаланиб, ҳурматли Президентимиз томонларидан олиб борилаётган халқчил ислоҳотларга ўз дахлдорлик позициясини кўрсатиб, саховатпеша ёрдамларини аямаётган тадбиркорларимизга ўз миннатдорлигимизни билдираман,-деди Ботир Зарипов.
Маросимда сўзга чиққан тадбиркорлар кўрсатилган эътибор, ғамхўрлик ва рағбат учун миннатдорликларини билдиришди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









