Бухорода мураккаб қизилўнгач ахалазияси бўйича эндоскопик операция муваффақиятли бажарилди
2026-08-17 15:25:00 / Янгиликлар

Республикада биринчилардан бўлиб мураккаб қизилўнгач ахалазияси билан мурожаат қилган беморда кам инвазив усул — “POEM эндоскопик миотомия” жарроҳлик амалиёти муваффақиятли бажарилди.
Мазкур мураккаб амалиёт филиал бош эндоскописти, тиббиёт фанлари номзоди А.Ҳайдаров раҳбарлигидаги жамоа томонидан республика жарроҳлик маркази ва бошқа мутахассислар билан ҳамкорликда амалга оширилди.
Қизилўнгач ахалазияси — қизилўнгачнинг пастки қисмидаги мушак ҳалқаси, яъни сфинктернинг меъёрда бўшашмаслиги натижасида овқат ва суюқликнинг ошқозонга ўтиши қийинлашиши билан кечадиган касалликдир. Бундай ҳолат беморда овқат ютишда қийинчилик, сув ичганда ноқулайлик, кўнгил айниши, қусиш, вазн йўқотиш каби белгиларни келтириб чиқариши мумкин.
Куни кеча 1987 йилда туғилган бемор ҳам бир неча йил давомида овқатнинг ўтмаслиги, сув истеъмол қилишда қийналиш, кўнгил айниши, қусиш ва озиб кетиш каби шикоятлар билан турли тиббиёт муассасаларида даволаниб келган. Бироқ кўрилган даволаш чоралари кутилган самарани бермаган.
РШТЁИМ Бухоро филиали мутахассислари томонидан бемор зарур клиник ва инструментал текширувлардан ўтказилиб, унга “Қайталанувчи кардиал ахалазияси III даражаси, ГЭРБ” ташхиси қўйилди. Бемор ҳолатининг мураккаблиги инобатга олиниб, замонавий кам инвазив эндоскопик даволаш усулини қўллашга қарор қилинди.
Ушбу усулнинг муҳим жиҳати шундаки, операция эндоскопик йўл билан, яъни катта кесмаларсиз амалга оширилади. Бу бемор учун жарроҳлик жароҳатини камайтириш, тикланиш жараёнини енгиллаштириш ва даволаш самарадорлигини оширишда муҳим аҳамиятга эга.
Амалиёт жараёни халқаро ҳамкорлик доирасида телемедицина алоқаси орқали хорижий етук мутахассислар томонидан ҳам кузатиб борилди. Хусусан, Япониянинг Токио шаҳри бош эндоскописти профессор Кен Охата, Жанубий Кореянинг “Song Shim” клиникаси эндоскопия маркази профессори Kim Yong, Шарқий ва Марказий Осиё давлатлари ассоциацияси “Elsa” эндоскопия маркази профессори Filip Cho ҳамда Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳридаги Павлов номидаги тиббиёт институти профессори А.Смирновлар телемедицина орқали операция жараёнини кузатиб, мутахассислар билан тажриба алмашдилар.
Амалиёт жараёнига Ромитан, Қоракўл, Ғиждувон ва Вобкент туманларидан эндоскопист мутахассислар ҳам жалб қилиниб, улар учун мураккаб эндоскопик жарроҳлик амалиётини амалда кузатиш ва тажриба алмашиш имконияти яратилди.
Бугунги кунда операция ўтказилган беморнинг аҳволи ижобий томонга ўзгарган. Унда овқатланиш жараёни яхшиланиб, меъда-ичак тизими фаолияти тикланиш жараёнида.
РШТЁИМ Бухоро филиалида амалга оширилган ушбу мураккаб эндоскопик амалиёт нафақат бемор саломатлигини тиклаш, балки замонавий тиббий технологияларни ҳудудларда кенг жорий этиш, мутахассислар ўртасида тажриба алмашиш ва аҳолига сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш йўлидаги муҳим қадам бўлди.
РШТЁИМ Бухоро филиали Ахборот хизмати





