Ғиждувон: 35 хонадонга кирган қувонч — 35 оиланинг бахти
2026-08-15 14:50:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Гиждувон туманида ана шундай эзгу ният ва меҳрга йўғрилган тадбир ўтказилди.
Ижтимоий ҳимоя реестрига киритилган 35 та оиланинг фарзандлари учун суннат тўйи ташкил этилди. Бу кун нафақат болажонлар, балки уларнинг ота-оналари учун ҳам умрбод ёдда қоладиган қувончли айёмга айланди.
Ғиждувон тумани ҳокимлиги, Маҳаллалар уюшмаси туман бўлими ва саховатпеша ҳомийлар ҳамкорлигида ташкил этилган тантанада болажонлар ва уларнинг ота-оналари, яқинлари, маҳалла фаоллари, нуронийлар ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.
Тадбирда туман ҳокими Фарҳод Умаров болажонларни қутлуғ айём билан самимий муборакбод этиб, уларга мустаҳкам соғлиқ, бахтли ва фаровон болалик, яхши таълим олиш ҳамда келажакда юртга муносиб инсонлар бўлиб камол топишларини тилади.
Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, жамиятда ўзаро ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, бағрикенглик ҳамда хайр-саховат муҳитини янада мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги алоҳида таъкидланди.
Болажонларнинг суннат тўйлари ўзига хос миллий анъаналаримиз асосида ўтказилганлиги тўйболалар, уларнинг ота-оналари қалбига қувонч ҳадя этди. Тўйболаларнинг ҳар бирига велосипед, турли ўйинчоқлар совға қилинди.
Бир боланинг қувончи — бир оиланинг қувончи. Бир оиланинг қувончи эса бутун маҳалланинг қувончи.
Бугун 35 нафар болажон ўзининг бахтли кунларидан бирини нишонлади. Улар учун бу оддий тўй эмас — меҳрни ҳис қилган, эътиборни кўрган, ўзини қадрли эканини англаган унутилмас кун бўлди.
Чунки баъзан бир оғиз яхши сўз, бир самимий табассум, бир кичик эътибор боланинг қалбида бутун умрга из қолдиради. Ғиждувондаги бу шодиёна — инсон қадрини улуғлаш, меҳр-оқибат ва саховатни ҳаётда намоён этишнинг чиройли намунаси бўлди. Бугун 35 хонадонда қувонч бор. 35 оилада шукроналик бор. 35 нафар болажоннинг кўзида бахт порламоқда. Зеро, инсон қадри улуғланган юртда ҳар бир боланинг кулгуси — келажакка бўлган ишончдир.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








