Шўр тупроқдан ширин мева: 60 сотихдан 20 тоннадан ортиқ узум
2026-08-15 14:15:00 / Янгиликлар

Дастлаб 20 сотих майдонга ток экилди. Кейинчалик узумзор майдони 60 сотихга етказилди. Бугун эса кеча ҳеч нарса унмайдигандек туюлган бу заминда минг тупга яқин ток яшнаб турибди.
“Тойипи”, “Ҳусайни”, “Беҳишти”, “Қора кишмиш”, “Кетмосопи”, “Аватар” ва бошқа навлар мўл ҳосил бермоқда.
Узумзор шпалер усулида ташкил этилган. Илк ҳосилнинг ўзидаёқ 20 тоннадан ортиқ узум етиштиришга эришилди. Бир килограмм узум ўртача 5 минг сўмдан сотилганда, 60 сотих майдондан қарийб 100 миллион сўмлик даромад олиш имконияти юзага келади.
Энг муҳими, бу натижа катта сармоядан кўра, аввало, меҳнат, сабр-тоқат ва ерга бўлган меҳр самарасидир.
— Бағрим-дилим яйрайди. Маҳалламизда «Узумчи бобо», «Боғбон» деб аташларининг ўзи мени руҳлантиради, — дейди Яхшимурод Чориев.
Унинг узумзори нафақат хонадон ризқ-рўзига хизмат қилмоқда. Маҳалла аҳли ҳам бу боғдан баҳраманд. Кимга қанча керак бўлса, келиб, узумдан узиб истеъмол қилиши мумкин. Айниқса, куз фаслида даладан ҳосил йиғиш билан банд бўлган пахтакорлар 100–200 килограммдан узум олиб кетишади.
Зотан, узумнинг ҳақиқий таъмини уни токдан узиб, даланинг ўзида татиб кўрган одам билади. Қуёшда пишган, ширинлиги тилингизда қоладиган, ўзига хос бетакрор таъмга эга бу узумларни татиб кўрган киши унинг нега қадрланишини англайди.
Жорий йилда Яхшимурод Чориев 20 тоннадан ортиқ ҳосил етиштиришнинг уддасидан чиқди. Бироқ бу ҳали бошланиши. Токлар энди вояга етиб, ҳосилдорликнинг энг сермаҳсул даврига кириб бормоқда.
— Келгуси йилларда ҳосилимизни янада ошириш ниятидамиз. Энди узумларимиз вояга етди, — дейди боғбон фахр билан.
Яхшимурод Чориевнинг тажрибаси бошқа ер эгаларида ҳам қизиқиш уйғотди. Натижада узумчиликни янада ривожлантириш мақсадида 10 нафар ер эгасини бирлаштирган кооперация ташкил этилди. Айни пайтда улар томонидан жами 12 гектар майдонда токзорлар барпо этилмоқда.
Демак, бир пайтлар шўрланиши юқори, ҳосилдорлиги паст бўлган ерда бошланган кичик ташаббус бугун кенгроқ ҳаракатга айланмоқда. Бир хонадоннинг меҳнати маҳаллага, маҳалланинг тажрибаси эса бутун ҳудудга ибрат бўлмоқда.
Яхшимурод Чориевнинг узумзори яна бир ҳақиқатни исботлайди: ерга меҳр, меҳнатга ишонч ва сабр бўлса, энг оғир заминдан ҳам барака ундириш мумкин.
Кеча шўр тупроқ билан курашилган бу масканда бугун узумлар шингил-шингил бўлиб товланмоқда. Бу шунчаки узумзор эмас. Бу — меҳнатнинг меваси, сабрнинг ҳосили ва ташаббуснинг ёрқин намунасидир.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









