24 хонадонга кирган қувонч: Шофирконда эҳтиёжманд оила фарзандлари эъзозланди
2026-08-14 15:40:00 / Янгиликлар

Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Шофиркон туманида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари учун унутилмас байрам тадбири ташкил этилди. Тумандаги “Илҳом” тантаналар мажмуасида ижтимоий ҳимоя реестрига киритилган 24 нафар оиланинг фарзандлари учун катта шодиёна — суннат тўйи ўтказилди.
Мазкур тантанали тадбир Шофиркон тумани ҳокимлиги, Маҳаллалар уюшмаси туман бўлими ҳамда саховатпеша ҳомийлар ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда суннат тўйи нишонланаётган болажонлар, уларнинг ота-оналари ва яқинлари, маҳалла фаоллари, нуронийлар ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбирда Шофиркон тумани ҳокими Мўмин Амонов сўзга чиқиб, суннат тўйи муносабати билан болажонлар, уларнинг ота-оналари ва яқинларини самимий муборакбод этди.
— Бугунги шодиёна барчамиз учун қувончли ва унутилмас кун. Фарзандларимизнинг бахт-у камолини кўриш, уларнинг соғлом, билимли ва баркамол инсонлар бўлиб вояга етиши ҳар бир ота-онанинг энг эзгу орзусидир. Азиз болажонлар, сизларни бугунги суннат тўйингиз билан чин қалбимдан муборакбод этаман. Келгусида яхши ўқиб, пухта билим эгаллаб, одоб-ахлоқингиз билан барчага ўрнак бўлиб, Ватанимиз ва халқимизга муносиб фарзандлар бўлиб вояга етишингизни тилайман. Доимо ота-онангизнинг, устозларингизнинг ва эл-юртимизнинг фахри бўлинг, — деди туман ҳокими.
Тадбир давомида болажонларга билдирилган эзгу тилакларда уларнинг келажагига бўлган ишонч ва эътибор алоҳида намоён бўлди. Зеро, бугун меҳр ва эътибор кўриб улғаяётган фарзандлар эртага юртимиз тараққиётига ўз ҳиссасини қўшадиган баркамол авлод бўлиб етишади.
Шунингдек, тадбирда иштирок этган ота-оналар ҳам фарзандларига кўрсатилаётган бундай ғамхўрлик ва эътибор учун ташкилотчилар ҳамда ҳомийларга миннатдорлик билдирдилар. Уларнинг таъкидлашича, бундай тадбирлар оилаларга нафақат моддий, балки маънавий жиҳатдан ҳам катта кўмак бўлиб, ота-оналарнинг жамият ва давлат томонидан қўллаб-қувватланаётганини чуқур ҳис этишларига хизмат қилади.
Дарҳақиқат, бундай хайрли ташаббуслар жамиятда меҳр-оқибат, саховат, инсонпарварлик ва ҳамжиҳатлик туйғуларини янада мустаҳкамлайди. Айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларига байрамона кайфият улашиш, уларнинг тенгдошлари қатори қувончли кунларни нишонлашига имкон яратиш катта маънавий аҳамиятга эга.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати







