Жондор тиббиётида юксалиш: инсон қадри — энг олий мақсад
2026-08-14 14:30:00 / Янгиликлар

Осиё тараққиёт банки, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда «Очиқ бюджет» дастури кўмагида шифохона ва оилавий поликлиникалар замонавий тиббий ускуналар билан таъминланди. Жумладан, «Очиқ бюджет» лойиҳаси доирасида 814 миллион сўмлик артроскоп, УТТ аппаратлари, биокимёвий ва иммунофермент анализаторлари харид қилинди. Мобил ва рақамли рентген, видеобронхоскоп ҳамда видеоколоноскоп аппаратларининг ишга туширилиши эса касалликларни ўз вақтида, энг муҳими, дастлабки босқичида аниқлаш имконини кенгайтирди.
Халқимизда «Касалликни даволагандан кўра, унинг олдини олган афзал» деган ҳикмат бор. Туманда йўлга қўйилган профилактика ва скрининг тадбирлари ҳам ана шу тамойилга асосланган.
Тиббиёт ходимларининг хонадонбай юриши ва манзилли кўриклари натижасида 19 мингдан ортиқ фуқаро кардиология ҳамда қандли диабет йўналишларида скринингдан ўтказилди. Касаллик аломатлари аниқланган 450 нафар бемор диспансер назоратига олиниб, уларга тегишли соғломлаштириш чоралари кўрилди.
Профилактик кўриклар қамрови ҳам салмоқли. Туман аҳолисининг қарийб 96 минг нафари тиббий кўрикдан ўтказилди. Она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида 12 мингга яқин ўсмир ва болалар тиббий текширувдан ўтказилиб, 10 минг нафар бола режа асосида эмланди. Хотин-қизлар саломатлигига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, улар ўртасида онкологик касалликларнинг олдини олишга қаратилган чуқурлаштирилган текширувлар ўтказилиб, зарур ҳолатларда беморлар республика даражасидаги юқори технологик тиббиёт марказларига йўналтирилмоқда.
Тиббиётдаги янгиланишлар инфратузилмада ҳам яққол намоён бўлмоқда. «Қароли» МФЙда 4 миллиард сўмлик 15-сонли оилавий поликлиника, «Работи» МФЙда эса 2,8 миллиард сўмлик «Хўжалик» оилавий шифокорлик пункти бинолари барпо этилмоқда. «Хосакор» ва «Буржоқ» оилавий шифокорлик пунктларида ҳам қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Бу каби лойиҳалар аҳоли учун тиббий хизматларни янада яқин ва қулай қилишга хизмат қилмоқда.
Соҳада рақамлаштириш жараёнларининг жадаллаштирилаётгани ҳам муҳим аҳамиятга эга. DMED ва бошқа рақамли платформаларнинг жорий этилиши, давлат тиббий суғуртаси механизмларининг босқичма-босқич йўлга қўйилиши тиббий хизматларда шаффофлик ва қулайликни оширмоқда.
Амалга оширилаётган ислоҳотларнинг энг муҳим натижаси эса инсон ҳаёти ва саломатлигида намоён бўлмоқда. Ўтган давр мобайнида жондорлик шифокорлар томонидан 1 минг 94 та муваффақиятли жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Ҳар бир муваффақиятли операция ортида бир инсоннинг соғайиши, бир оиланинг қувончи ва тиббиёт ходимларининг машаққатли меҳнати мужассам.
Олдинда эса янада юксак мақсадлар турибди. Туманнинг ўзида лапароскопик ва мураккаб жарроҳлик амалиётларини тўлиқ йўлга қўйиш, Марказий шифохона ҳудудида замонавий Диагностика марказини ташкил этиш, 6 нафар етакчи мутахассисни нуфузли хорижий клиникаларда малака оширишга юбориш ҳамда рақамлаштириш жараёнини 129 та янги компьютер тўплами билан янада жадаллаштириш режалаштирилган.
Жондор тумани тиббиётидаги бу янгиланишлар шунчаки рақамлар ёки ҳисоботлардаги кўрсаткичлар эмас. Бу — инсон қадрини улуғлаш, ҳар бир фуқаронинг сифатли тиббий хизматдан фойдаланиши ва соғлом, узоқ умр кечириши учун яратилаётган имкониятларнинг амалий ифодасидир.
Зеро, тиббиётдаги ҳар бир янги ускуна, ҳар бир замонавий хизмат ва ҳар бир муваффақиятли жарроҳлик амалиёти замирида битта эзгу мақсад — инсон ҳаётини асраш ва инсон қадрини юксалтириш мужассам.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









