Бош вазир ўринбосари Қоровулбозор туманида: хотин-қизлар билан ишлашда янги намуна ва тажриба яратилмоқда
2026-08-13 15:40:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилноза Каттахонова навбатдаги амалий ташрифи доирасида Қоровулбозор туманида бўлиб, ҳудудда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш ҳамда оилалар фаровонлигини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди.
Ташрифнинг дастлабки манзили “Навбаҳор” маҳалла фуқаролар йиғини бўлди. Бу ерда “Беш ташаббус маркази” таркибида ташкил этилган “Оила ва хотин-қизлар маскани” фаолияти атрофлича кўздан кечирилди. Масканда хотин-қизларга кўрсатилаётган ижтимоий, психологик ва ҳуқуқий ёрдамлар, уларни касб-ҳунарга ўқитиш, бандлигини таъминлаш ҳамда турли ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишилди.
Қайд этилганидек, бундай масканлар хотин-қизларнинг муаммоларини эрта аниқлаш, уларга зарур кўмакни манзилли ташкил этиш, касбий кўникмаларини ривожлантириш ва жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шунингдек, марказда ҳамкор ташкилотлар вакиллари, “Оқила аёллар” ҳаракати аъзолари, маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоллари ҳамда кенг жамоатчилик иштирокида очиқ ва самимий мулоқот ўтказилди.
Учрашув давомида туман бўйича шакллантирилган хотин-қизлар баланси таҳлил қилиниб, ҳудуддаги хотин-қизларнинг ижтимоий ҳолати, бандлиги, мавжуд имкониятлари ва улар билан ишлашдаги долзарб масалалар муҳокама қилинди. Жойларда дуч келинаётган амалий муаммолар тингланиб, уларни бартараф этиш, хотин-қизларнинг даромадли меҳнат билан шуғулланишига кўмаклашиш ҳамда ижтимоий қўллаб-қувватлаш чораларини кучайтириш юзасидан таклифлар билдирилди.
Ташриф доирасида Бош вазир ўринбосари “Навбаҳор” маҳалласида истиқомат қилувчи Раҳима Авезова хонадонида ҳам бўлди.
Раҳима Авезова ўз истагига кўра касб-ҳунарга ўқитилиб, ўз меҳнати ва интилиши натижасида “қизил” тоифадан “сариқ” тоифага чиқишга эришган хотин-қизлардан бири ҳисобланади. Хонадондаги суҳбат давомида оиланинг турмуш шароити, даромад манбалари, мавжуд эҳтиёжлари ва келгусидаги режалари билан қизиқилди.
Раҳима Авезованинг эришган натижаси хотин-қизларни қўллаб-қувватлашда манзилли ёндашув, касб-ҳунарга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш қанчалик муҳим эканини яна бир бор кўрсатди. Суҳбат якунида хонадон эгасининг кейинги босқич — “яшил” тоифага ўтиши учун зарур бўлган қўшимча кўмак чоралари белгилаб олинди.
Қоровулбозор туманида йўлга қўйилаётган хотин-қизлар билан ишлашнинг мазкур янги ёндашуви — ҳар бир аёлнинг ҳолатини алоҳида ўрганиш, унинг эҳтиёж ва имкониятларидан келиб чиқиб аниқ чораларни белгилаш ҳамда натижадорликни босқичма-босқич таъминлашга қаратилган.
Мазкур тажрибани такомиллаштириш ва келгусида вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам кенг жорий этиш, шу орқали хотин-қизларнинг бандлиги ва фаровонлигини таъминлаш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда оилалар барқарорлигини мустаҳкамлаш кўзда тутилган.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









