Бухоро вилояти ва Туркия ҳудудлари ўртасида саноат-инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди
2026-08-12 19:50:00 / Янгиликлар

Мулоқот давомида Бухоро вилоятининг инвестициявий, саноат ва экспорт салоҳияти, саноат зоналари имкониятлари, инвесторлар учун яратилган қулай бизнес муҳити, солиқ ва божхона имтиёзлари, муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси ҳамда вилоятнинг минтақавий ва халқаро логистика имкониятлари Туркия ишбилармон доиралари вакилларига тақдим этилди.
Учрашувнинг асосий масалаларидан бири Бухоро вилоятида “Ўзбек–Турк” саноат зонасини ташкил этиш ташаббуси бўлди. Унинг доирасида саноат зонасининг ташкилий-ҳуқуқий ва институционал модели, бошқарув механизмлари, зарур инфратузилмани шакллантириш, Туркия компанияларининг инвестиция лойиҳаларини жойлаштириш, замонавий технологияларни жорий этиш ҳамда юқори қўшилган қийматга эга экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, ҳудудлар ўртасида “Бизнесдан бизнесга” (B2B) ҳамкорликни кенгайтириш, Туркиянинг етакчи компаниялари ва ишлаб чиқарувчиларини Бухоро вилояти саноат зоналарига жалб қилиш, қўшма корхоналар ташкил этиш, маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлаш ва экспорт ҳажмини ошириш бўйича устувор йўналишлар белгилаб олинди.
Мулоқот якунида Бурса, Малатия ва Денизли вилоятлари ишбилармон доиралари вакиллари Бухоро вилоятида “Ўзбек–Турк” саноат зонасини ташкил этиш ташаббусини қўллаб-қувватлаш ва амалий ҳамкорликни давом эттиришга қизиқиш билдирди. Шунингдек, инвестиция лойиҳаларини шакллантириш ва уларга потенциал инвесторларни жалб этиш бўйича ҳамкорлик қилишга тайёр эканликлари қайд этилди.
Мазкур ташаббус Бухоро вилоятининг Туркия ҳудудлари билан саноат кооперацияси, инвестиция, технологиялар трансфери ва экспорт йўналишларида узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, ҳудудлараро иқтисодий алоқаларни янги босқичга олиб чиқишда муҳим қадам бўлди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









