Бухоро туманида 23 нафар боланинг суннат тўйи ўтказилди
2026-08-12 18:45:00 / Янгиликлар

Ана шундай хайрли тадбирлардан бири Бухоро туманида ҳам ўтказилди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган ва кам таъминланган оилалар фарзандлари учун хайрли ташаббус асосида суннат тўйи ташкил этилди.
“Муҳайё” тўйхонасида бўлиб ўтган шодиёнада туман ҳокими Анваржон Очилов сўзга чиқиб, йиғилганларни Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги, тўйлари нишонланаётган болажонларнинг ота-оналарини эса қувончли кун билан самимий муборакбод этди.
Тадбирда юртимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, эҳтиёжманд оилаларга кўмак кўрсатиш, фарзандларни соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш борасида амалга оширилаётган ишлар алоҳида таъкидланди.
Шодиёна муносабати билан тўй болаларига ҳомийлар томонидан велосипед ва турли ўйинчоқлар совға қилинди. Болажонларнинг қувончига қувонч қўшган ушбу совғалар байрамга янада файз бағишлади.
Тадбирда иштирок этган ота-оналар ҳам кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликдан мамнун эканликларини билдириб, ташкилотчилар ва ҳомийларга самимий миннатдорлик изҳор этдилар.
— Бугунги кун биз учун унутилмас қувончга айланди. Фарзандимнинг суннат тўйи шундай чиройли ва кўтаринки кайфиятда ўтаётганидан жуда хурсандман. Бизга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликдан кўнглимиз тоғдек кўтарилди. Бунинг учун ташкилотчилар ва ҳомийларга ўз миннатдорчилигимни билдираман, — дейди “Подшоҳи” маҳалласида яшовчи Дилноза Самадова.
“Наврўз” маҳалласида яшовчи Олтиной Ғаффорова ҳам тадбирдан мамнунлигини билдирди:
— Фарзандимнинг суннат тўйини нишонлаш биз учун катта қувонч. Айниқса, болажонларнинг юзидаги шодликни кўриб, биз ҳам беҳад хурсанд бўлдик. Бундай эзгу ташаббуслар оилаларга нафақат моддий, балки маънавий далда ҳам беради. Ташкилотчилар ва ҳомийларга самимий миннатдорлик билдираман.
Тадбирнинг бадиий қисмида туман маданият бўлими санъаткорлари томонидан тайёрланган концерт дастури, мусиқий чиқишлар ва саҳна кўринишлари намойиш этилди. Байрамона дастур болажонлар ва уларнинг яқинларига кўтаринки кайфият улашди.
Бундай хайрли ташаббуслар эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларга меҳр ва эътибор кўрсатиш баробарида, болажонларга унутилмас қувонч улашиб, жамиятда инсон қадрини улуғлаш ва меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








