Қоракўл: Эҳтиёжманд оилалар фарзандларининг суннат тўйлари ўтказилди
2026-08-12 10:35:00 / Янгиликлар

Мазкур тантана юртимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, оилаларга меҳр ва эътибор кўрсатиш борасида амалга оширилаётган эзгу ишларининг яна бир амалий ифодаси бўлди. Айниқса, болажонларнинг қувончига шерик бўлиш, уларга байрамона кайфият улашиш ва эзгу ниятлар билан дуо қилиш тадбирга алоҳида мазмун бағишлади.
Тантанали маросимда Қоракўл тумани ҳокими Хуршид Тохиров иштирок этиб, тўйболажонлар ва уларнинг ота-оналарини ушбу қутлуғ шодиёна билан самимий муборакбод этди. Ўз сўзида юртимизда оила институтини мустаҳкамлаш, аҳолининг муносиб турмуш шароитини таъминлаш, эҳтиёжманд оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда фарзандлар камоли учун зарур шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Ҳоким болажонларга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат, одобу ахлоқли ва комил инсон бўлиб вояга етишларини, келгусида Ватанимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшадиган авлод бўлишларини тилади. Ота-оналарга эса фарзандларининг камолини кўриб, уларнинг бахти ва ютуқларидан доимо қувониб юришларига тилак билдирди.
Тадбир давомида тўйболажонларга велосипедлар совға қилиниб, уларнинг қувончига қувонч қўшилди. Болажонлар учун тайёрланган ушбу совғалар улар томонидан катта хурсандчилик билан қабул қилинди. Самимий тилаклар, эзгу ниятлар ва болажонларнинг беғубор қувончи тантанага ўзгача файз бағишлади.
Шунингдек, тантанали маросимда Қуръон тиловат қилиниб, юртимиз тинчлиги ва осойишталиги, халқимиз фаровонлиги, хонадонларимизга файзу барака кириши ҳамда фарзандларимизнинг бахтли келажаги учун дуолар қилинди. Нуронийларнинг дуолари, ота-оналарнинг шукронаси ва болажонларнинг самимий қувончи тадбир иштирокчиларига кўтаринки кайфият улашди.
Эҳтиёжманд оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган эзгу ташаббуслар доирасида туман “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази ҳамда Маҳаллалар уюшмасининг туман бўлими томонидан ҳам амалий кўмаклар кўрсатилди. Бу каби саъй-ҳаракатлар оилаларнинг ижтимоий ҳолатини яхшилаш, уларни қўллаб-қувватлаш ва фарзандларининг шодлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Тадбир якунида туман Маданият бўлими хонандалари томонидан ижро этилган миллий куй-қўшиқлар, дилбар тароналар ва байрамона чиқишлар йиғилганларга кўтаринки кайфият улашди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









