Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида “Ўба-Чўли” маҳалласи янада обод ва кўркам қиёфа касб этмоқда
2026-08-09 17:20:00 / Янгиликлар

Айни пайтда маҳаллада 1 648 та хонадонда 6 490 нафар аҳоли истиқомат қилади. Аҳоли сони ва ҳудуднинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, ички йўлларни яхшилаш, муҳандислик-коммуникация тармоқларини такомиллаштириш, суғориш тизимини яхшилаш ҳамда ободонлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Айниқса, Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида маҳалладаги бунёдкорлик ишлари янада жадал тус олмоқда. Ҳудудда аҳоли учун муносиб яшаш муҳитини шакллантириш, мавжуд инфратузилмани янгилаш ва кўп йиллар давомида аҳолини қийнаб келган айрим масалаларни босқичма-босқич ҳал этиш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.
Ички йўллар — аҳоли учун муҳим қулайлик
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 8 октябрдаги ПҚ-298-сон қарори асосида «Танғит» қишлоғида «Бухоро минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати» давлат муассасаси томонидан 1 100 метр узунликдаги ички йўллар асфальтлаштирилди.
Янги асфальт қопламасининг ётқизилиши натижасида аҳолининг кундалик ҳаракатланиши учун янада қулай шароит яратилди. Энг муҳими, йўлларнинг обод қилиниши пиёдалар ва автотранспорт воситалари ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, аҳолининг овул ва маҳалла ҳудудида эркин ҳаракатланишига қулайлик яратиш билан бир қаторда, ҳудуднинг умумий қиёфасига ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда.
Саломатлик йўлакчаси — соғлом турмуш сари қадам
Маҳаллада аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, жисмоний фаолликни ошириш ва соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш мақсадида қарийб 1,2 километр узунликдаги саломатлик йўлакчаси ҳам барпо этилмоқда.
Мазкур йўлакча аҳолининг бўш вақтларини мазмунли ўтказиши, пиёда юриши ва мунтазам жисмоний машғулотлар билан шуғулланиши учун қулай имконият яратади. Бу эса, ўз навбатида, маҳаллада соғлом ва фаол ҳаёт тарзини шакллантиришга хизмат қилади.
Сув — ҳаёт манбаи
Маҳаллада қишлоқ хўжалиги учун муҳим аҳамиятга эга бўлган суғориш тизимини янада такомиллаштириш ишлари ҳам изчил давом эттирилмоқда. Хусусан, ариқларнинг 3 километр қисми бетонлаштирилмоқда. Бу орқали сув ўтказувчанлигини яхшилаш, суғориш жараёнида сувнинг беҳуда исроф бўлишини камайтириш ҳамда қишлоқ хўжалиги экин майдонларини барқарор сув билан таъминлаш имкониятларини кенгайтириш кўзда тутилган.
Бундай ишлар нафақат сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, балки қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш самарадорлигини ошириш ва аҳоли томорқаларидан унумли фойдаланиш учун ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Ободлик — умумий мақсад
“Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат ойлиги” доирасида ҳам Ўба-Чўли маҳалласида кенг кўламли ободонлаштириш ишлари ташкил этилмоқда. Жумладан, маҳалла ҳудудида умумхалқ ҳашарлари ўтказилиб, кўчалар, ариқ ва зовурлар, кўприклар ҳамда маҳалла маркази атрофи тартибга келтирилмоқда. Дарахтлар оқланиб, шаклга келтирилмоқда, яшил ҳудудлар парваришланмоқда, хонадонлар атрофи ободонлаштирилиб, кўчаларнинг санитария ҳолати яхшиланмоқда.
Эътиборлиси, ушбу жараёнларда маҳалла аҳлининг фаол иштироки ва ташаббускорлиги алоҳида аҳамият касб этмоқда. Зеро, обод маҳалла, аввало, шу ҳудудда яшаётган инсонларнинг меҳнати, бирдамлиги ва дахлдорлик ҳисси билан яратилади.
Аҳоли — ислоҳотларнинг бевосита иштирокчиси
Маҳаллада амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари аҳоли томонидан ҳам мамнуният билан қарши олинмоқда.
Айниқса, ички йўлларнинг асфальтланиши, суғориш тизимининг яхшиланиши, саломатлик йўлакчасининг барпо этилиши ва ҳудуддаги ободонлаштириш ишлари аҳолининг кундалик ҳаётида сезиларли қулайликлар яратмоқда.
Фуқароларнинг таъкидлашича, йиллар давомида кутиб келинган бундай ўзгаришлар маҳалла қиёфасини тубдан янгилаш билан бирга, инсонларнинг эртанги кунга бўлган ишончини ҳам мустаҳкамламоқда.
Бугун Ўба-Чўли маҳалласида олиб борилаётган ҳар бир бунёдкорлик иши — аввало, инсон қадри, аҳоли фаровонлиги ва муносиб яшаш шароитларини таъминлашга қаратилган эзгу мақсадларнинг амалий ифодасидир.
Маҳалладаги янгиланишлар, ободонлаштириш ишлари ва яратилаётган қулайликлар ҳудуднинг нафақат бугунги, балки келгуси тараққиёти учун ҳам мустаҳкам замин яратмоқда. Шу боис “Ўба-Чўли” маҳалласи аҳли Мустақиллигимизнинг 35 йиллигини янгиланиш, бунёдкорлик ва ободлик руҳида, кўтаринки кайфият билан кутиб олишга тайёргарлик кўрмоқда.









