Вилоят ҳокимлигининг навбатдаги сайёр қабулида 36 нафар фуқаронинг мурожаатлари ўрганилди
2026-08-08 19:05:00 / Янгиликлар

Қабул давомида 36 нафар фуқаронинг мурожаатлари тингланиб, улар томонидан кўтарилган масалалар атрофлича ўрганилди.
Фуқароларнинг мурожаатлари турли соҳаларга оид бўлиб, уларда ижтимоий масалалар, бандлик, уй-жой, коммунал хизматлар, ер муносабатлари, моддий кўмак ва бошқа долзарб масалалар кўтарилди.
Қабул жараёнида ҳар бир мурожаатга алоҳида ёндашилиб, муаммонинг келиб чиқиш сабаблари, уни ҳал этиш имкониятлари ва қонуний асослари масъуллар иштирокида кўриб чиқилди. Айрим масалалар юзасидан фуқароларга жойида зарур тушунтиришлар берилди.
Қўшимча ўрганиш ва амалий чора кўришни талаб этадиган мурожаатлар бўйича масъул ташкилотларга тегишли топшириқ ва тавсиялар берилиб, уларнинг ижросини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, мурожаатчиларга амалдаги қонунчилик талаблари, ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тартиби, шунингдек, муаммоларни қонуний йўл билан ҳал этиш имкониятлари бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Сайёр қабулда вилоят ҳокимлиги ва Халқ қабулхонаси масъулларининг бевосита иштирок этгани фуқаролар мурожаатларини жойида кўриб чиқиш, муаммоларни масъуллар билан биргаликда муҳокама қилиш ва уларнинг ечими бўйича аниқ чораларни белгилаш имконини берди.
Бундай сайёр қабуллар аҳоли билан очиқ мулоқотни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг мурожаатларини эшитиш ва уларни қийнаётган масалаларга манзилли ечим топишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









