Қоракўл: Кўмак имкониятга, имконият эса даромадга айланди
2026-08-08 17:35:00 / Янгиликлар

Қоракўл туманидаги “Дўрман” маҳалласида ҳам ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олиш, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва мавжуд имкониятлардан келиб чиқиб амалий ёрдам кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Маҳаллада истиқомат қилувчи Фотима Мирзақулованинг оиласи ҳам ана шундай кўмакка эҳтиёжманд хонадонлардан бири эди. Икки нафар фарзандини вояга етказаётган Фотима опа оила боқувчисидан айрилгач, рўзғор ташвишларини енгиш, фарзандларининг эҳтиёжларини таъминлаш учун ўз меҳнати билан даромад топишга интилди.
Унинг бу интилиши маҳалла томонидан қўллаб-қувватланди.
Дастлаб, маҳалла мадади ва ҳомийлик кўмаги асосида Фотима Мирзақуловага музқаймоқ тайёрлаш аппарати олиб берилди. Бу эса оила учун янги даромад манбаини шакллантиришга имкон яратди.
Шу билан бирга, туман ҳокимининг маҳалладаги ёрдамчиси ташаббуси билан Фотима Мирзақулованинг тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириши учун ссуда асосида махсус жиҳозланган “Uzum Market” контейнери ҳам фойдаланишга берилди.
Энг муҳими, кўрсатилаётган ёрдамлар бир марталик кўмак билан чекланиб қолмади. Оила аъзоларининг меҳнат қилиш истаги ва имкониятларидан келиб чиқиб, уларга қўшимча даромад топиш йўллари ҳам кўрсатилди.
Айни пайтда Мирзақуловлар оиласи аъзолари касаначилик асосида ўрик данагидан шўрданак тайёрлаш ишини ҳам пухта ўзлаштирган. Буюртма асосида данак чақиш ва тайёр шўрданак тайёрлаш орқали оила аъзолари ўз меҳнати билан даромад топмоқда.
Тайёрланган маҳсулотнинг ҳар бир килограмми учун 2 минг сўмдан ҳақ олинади. Бу маблағлар эса оиланинг кундалик эҳтиёжларини қоплаш, рўзғор кам-кўстини бутлаш ва фарзандлар таъминотига йўналтирилмоқда.
Ҳозирда оила аъзолари биргаликда меҳнат қилиб, бир кунда ўртача 200–250 минг сўм даромад топмоқда. Бир қарашда оддий меҳнатдек кўринган бу иш Мирзақуловлар хонадонида катта аҳамият касб этмоқда. Зеро, бу нафақат оила даромадининг кўпайиши, балки унинг ўз кучига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, фарзандларини муносиб шароитда вояга етказиш имкониятини кенгайтириш демакдир.
— Бизга кўрсатилаётган ёрдамдан миннатдормиз. Энг муҳими, тайёр ёрдам эмас, меҳнат қилиб, ўзимиз даромад топишимиз учун имконият яратиб берилди, — дейди Фотима Мирзақулова.
Мирзақуловлар оиласи мисолида бир ҳақиқат яна бир бор намоён бўлмоқда: инсонга муносиб шароит ва имконият яратилса, у ўз меҳнати билан оиласи фаровонлигини таъминлашга қодир.
Қоракўл туманида ҳам эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлашда ана шу тамойилга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Яъни оилаларга фақат бир марталик моддий ёрдам кўрсатиш эмас, балки уларнинг қобилияти, қизиқиши ва имкониятларини инобатга олган ҳолда касб-ҳунарга йўналтириш, бандлигини таъминлаш ва барқарор даромад манбаини яратиш устувор вазифа сифатида белгиланган.
Бундай амалий кўмак туфайли кечагина қийин шароитда яшаётган оилалар бугун ўз меҳнати билан даромад топиб, эртанги кунига ишонч билан қарамоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









