Вобкентда аҳоли ташаббуси билан 3,2 километр ички йўл асфальтланмоқда
2026-08-08 17:30:00 / Янгиликлар

Вобкент туманининг Шоҳнигор маҳалласида ҳам аҳоли ташаббуси асосида яна бир муҳим лойиҳа амалга оширилмоқда. Маҳаллада ички йўлларни таъмирлаш ва замонавий асфальт қопламаси ётқизиш ишлари якуний босқичга кирган.
Мазкур лойиҳа 3 мингдан ортиқ маҳалла аҳолисининг овози, талаб ва истаклари асосида шаклланган бўлиб, “Очиқ бюджет” — “Openbudget.uz” портали орқали илгари сурилган ташаббуслар орасида қўллаб-қувватланган.
Лойиҳа доирасида маҳалланинг 3,2 километр ички йўли тўлиқ таъмирланиб, асфальтланмоқда. Ушбу мақсадлар учун 1 миллиард 650 миллион сўмга яқин маблағ йўналтирилган.
Қурилиш-таъмирлаш ишларида пудратчи ташкилот — Бухоро туман йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси ишчи ва мутахассислари фаол иштирок этмоқда. Мутахассислар томонидан йўлнинг ҳолати ўрганилиб, белгиланган технология асосида таъмирлаш ва асфальтлаш ишлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда.
Аҳоли учун янада қулай ва хавфсиз ҳаракат
Янги асфальт қопламасининг ётқизилиши, аввало, маҳалла аҳолисининг узоқ йиллардан буён йўл билан боғлиқ мурожаатларини амалий ҳал этишга қаратилган.
Таъмирланган йўллар орқали маҳалла аҳолиси, йўловчилар ва ҳайдовчилар учун ҳаракатланиш шароити яхшиланади. Транспорт воситаларининг қатнови енгиллашиб, ёмғирли ва қиш мавсумида юзага келадиган ноқулайликлар сезиларли даражада камаяди.
Эътиборлиси, лойиҳа доирасида нафақат автомобиль йўлларини таъмирлаш, балки пиёдалар хавфсизлигини таъминлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, маҳалладаги 17-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти ва 15-сонли умумий ўрта таълим мактабига олиб борувчи йўналишлар бўйлаб пиёдалар йўлакларини барпо этиш ишлари ҳам бошлаб юборилган.
Бу эса таълим муассасаларига қатнайдиган болалар, уларни кузатиб борувчи ота-оналар, шунингдек, аёллар ва нуронийлар учун хавфсиз ҳаракатланиш имкониятини кенгайтиради.
Аҳоли овози — амалий натижа
“Очиқ бюджет” жараёнининг энг муҳим жиҳати шундаки, унда аҳоли ўз маҳалласи учун зарур бўлган масалаларни илгари суради ва овоз бериш орқали уларнинг устуворлигини белгилайди.
Шоҳнигор маҳалласида амалга оширилаётган мазкур лойиҳа ҳам фуқароларнинг овози ва ташаббуси маҳаллий инфратузилмада аниқ натижага айланаётганининг амалий ифодасидир.
Равон ва сифатли йўллар маҳалланинг ижтимоий ҳаётини янада яхшилаш, аҳолининг кундалик ҳаракатини енгиллаштириш, таълим муассасаларига қатновни қулайлаштириш ҳамда ҳудуднинг умумий ободлиги ва жозибадорлигини оширишга хизмат қилади.
Энг муҳими, бу каби лойиҳалар орқали аҳоли ўз ташаббуси билан маҳалладаги долзарб муаммоларни ҳал этиш жараёнида бевосита иштирок этмоқда. Шоҳнигор маҳалласидаги янги йўллар эса ана шу ташаббускорликнинг амалий натижаси сифатида аҳоли хизматига кириб бормоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









