“Қумкашон”, “Баёт” ва “Катта Баёт” маҳаллаларидаги 4,5 километр ички сув тармоқларида ишлар жадал давом этмоқда
2026-08-08 17:25:00 / Янгиликлар

Сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, суғориладиган ерларнинг сув таъминотини яхшилаш ҳамда қишлоқ хўжалигида маҳсулот етиштириш самарадорлигини ошириш бугунги куннинг энг муҳим вазифаларидан бирига айланмоқда. Айниқса, иқлим ўзгариши ва сув танқислиги сезилаётган шароитда ирригация ва мелиорация тизимини такомиллаштириш, ички суғориш тармоқларини тартибга келтириш долзарб аҳамият касб этмоқда.
Шу мақсадда Олот туманида ҳам сув хўжалиги инфратузилмасини яхшилашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, хўжаликлараро ва ички сув тармоқларини реконструкция қилиш, ариқ ва каналлар ўзанини тозалаш ҳамда бетонлаштириш бўйича муҳим лойиҳа ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Мазкур лойиҳа доирасида туманда қарийб 19 минг 800 гектар қишлоқ хўжалиги ерларининг сув таъминотини яхшилаш мақсадида ариқ ва каналларнинг 19,8 минг метр қисмида бетонлаштириш ишлари олиб борилмоқда.
Лойиҳа туманнинг “Солоқоровул”, “Кесакли”, “Нуробод”, “Қиртай”, “Бўрибек Чандир”, “Хосабўйи”, “Ёш ботир”, “Наврўз” каби маҳаллаларини қамраб олган. Қурилиш-монтаж ишларида пудратчи ташкилот сифатида “Файзбек Ўғилой” МЧЖ жамоаси фаол иштирок этмоқда.
Умумий қиймати 13 миллиард 700 миллион сўм бўлган лойиҳа доирасида ариқ ва каналлар ўзанини бетонлаштириш учун махсус техника ва механизациялашган бригадалар жалб қилинган.
Сув йўқотилиши камаяди, далалар таъминоти яхшиланади
Ариқ ва каналларнинг бетонланиши, аввало, сувнинг тупроққа сингиб кетиши натижасидаги йўқотишларни камайтириш имконини беради. Натижада мавжуд сув ресурсларидан янада самарали фойдаланиш, сувни белгиланган ҳудудларга тезроқ ва барқарор етказиб бериш имконияти кенгаяди.
Айни кунларда Қумкашон, Баёт ва Катта Баёт маҳаллаларида 4,5 минг метр ариқларни тозалаш ва ўзанини бетонлаштириш ишлари қизғин давом этмоқда. Қурилиш жараёнига замонавий техника, зарур махсус механизмлар ҳамда тажрибали мутахассислар жалб этилган.
Ишларни сифатли ва белгиланган муддатларда якунлаш орқали ушбу ҳудудлардаги фермер ва деҳқон хўжаликлари далаларига сув етказиб бериш тизимини сезиларли даражада яхшилаш кўзда тутилмоқда.
Қарийб 20 минг гектар ернинг сув таъминоти яхшиланади
Лойиҳа тўлиқ амалга оширилгач, туман ҳудудида қарийб 20 минг гектар экин майдонининг сув таъминоти яхшиланиши кутилмоқда. Бу эса қишлоқ хўжалиги экинларини ўз вақтида ва меъёрда суғориш, ҳосилдорликни ошириш ҳамда ердан самарали фойдаланиш учун қўшимча имконият яратади.
Айниқса, сабзавот, полиз, дуккакли ва бошқа сердаромад экинларни етиштириш кўламини кенгайтириш, аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш имкониятлари янада ортади.
Томорқа ерларининг унумдорлигини ошириш орқали хонадонларнинг нафақат ўз эҳтиёжини қондириши, балки ортиқча маҳсулотни ички бозорга чиқариши учун ҳам шароит яратилади. Бу эса оилавий даромадларни ошириш ва аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Шунингдек, сув таъминотининг яхшиланиши қишлоқ хўжалигида янги иш ўринлари яратилиши, фермер ва деҳқон хўжаликлари фаолияти кенгайиши, етиштирилаётган маҳсулот тури ва ҳажмини кўпайтиришга замин яратади.
Бугун сувдан оқилона фойдаланиш — юқори ҳосилдорликка эришишнинг муҳим шартларидан бири. Шу боис Олот туманида амалга оширилаётган мазкур лойиҳа нафақат мавжуд сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, балки келгуси йилларда қишлоқ хўжалиги тараққиёти учун барқарор инфратузилмани шакллантиришга хизмат қилади.
Зеро, сув — ҳаёт манбаи. Унинг ҳар бир томчисини асраш ва ундан самарали фойдаланиш барқарор ҳосил, фаровон хонадон ва тўкин дастурхоннинг муҳим гаровидир.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








