Жондорда замонавий суд биноси қад ростламоқда
2026-08-08 17:10:00 / Янгиликлар

Айни йўналишда Бухоро вилоятида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Жондор туманида жиноят ишлари бўйича туман суди учун замонавий маъмурий бино барпо этилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида фойдаланишга топширилиши режалаштирилаётган мазкур иншоот туман аҳолиси учун муносиб байрам туҳфаси бўлиши билан бирга, суд тизимида фуқароларга кўрсатиладиган хизматлар сифатини янада оширишга хизмат қилади.
Қурилиш ишлари “Дарвеши” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жадал суръатларда олиб борилмоқда. Намунавий лойиҳа асосида барпо этилаётган иншоот замонавий меъморий ечимлари, қулай ички инфратузилмаси ва функционал имкониятлари билан ажралиб туради. Янги бинонинг ҳудуд ободонлиги ва меъморий қиёфасига ҳам муносиб ҳисса қўшиши кутилмоқда.
Лойиҳанинг умумий қиймати 19 миллиард 700 миллион сўмни ташкил этади. Қурилиш жараёнида сифат ва хавфсизлик талабларига, белгиланган шаҳарсозлик меъёрлари ҳамда техник стандартларга қатъий риоя этилмоқда.
Лойиҳанинг буюртмачиси — Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти давлат муассасаси, лойиҳачи — “Ўзшаҳарсозлик ЛИТИ” давлат муассасаси. Бош пудратчи “Qodirov Mirjalol Qobilovich” МЧЖ томонидан қурилиш-монтаж ишлари белгиланган график асосида амалга оширилмоқда.
Замонавий шароит — самарали одил судлов
Янги суд биносини барпо этишда, аввало, фуқаролар учун қулай муҳит яратишга алоҳида эътибор қаратилган. Иншоотда суд мажлисларини самарали ва очиқ ўтказиш учун зарур шарт-шароитлар, фуқароларни қабул қилиш хоналари, судьялар ва ходимлар учун замонавий иш хоналари кўзда тутилган.
Шунингдек, бинода ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланиш имконини берувчи замонавий тизимлар жорий этилиши режалаштирилган. Бу эса суд ишларини ташкил этиш самарадорлигини ошириш, ахборот алмашинувини тезлаштириш ва фуқароларга кўрсатиладиган хизматларни янада такомиллаштириш имконини беради.
Бинонинг фойдаланишга топширилиши билан судга мурожаат қилувчи фуқаролар учун ҳам қулайликлар кенгаяди. Хусусан, уларнинг мурожаатларини қабул қилиш, зарур маълумотларни олиш ва суд жараёнларида иштирок этиши учун замонавий шароитлар яратилади.
Инсон қадри ва қонун устуворлиги — бош мезон
Суд биноларининг замонавий талаблар асосида қурилиши одил судловнинг мазмун-моҳияти билан узвий боғлиқ. Зеро, судга мурожаат қилган ҳар бир инсон, аввало, қонунийлик, холислик ва адолат тамойилларига амал қилинишига ишонч ҳосил қилиши керак.
Жондор туманида барпо этилаётган янги суд биноси ҳам ана шу мақсадларга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Унда фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, судьялар ва ходимлар учун муносиб меҳнат шароитларини таъминлаш, суд ишларини замонавий технологиялар асосида ташкил этиш учун зарур имкониятлар мужассам этилади.
Бунёдкорлик ишларининг Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида якунланиши эса ушбу лойиҳанинг ижтимоий аҳамиятини янада оширади. Янги иншоот нафақат Жондор тумани суд тизимининг моддий-техник базасини мустаҳкамлайди, балки ҳудудда қонун устуворлиги, инсон қадри ва адолат тамойилларини таъминлашга қаратилган ислоҳотларнинг амалий натижаси сифатида хизмат қилади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









