“Очил Бозор” фермер хўжалигида ярим гектар майдонга картошканинг серҳосил нави экилди
2026-08-08 17:05:00 / Янгиликлар

Бунда аҳоли томорқаларидан унумли фойдаланиш билан бир қаторда, деҳқон ва фермер хўжаликларида ҳам эртаги экинлардан бўшаган майдонларга такрорий экинларни жойлаштириш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Туманда аввалги йилларда ҳам ижтимоий ҳимояга муҳтож, “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқаролар ва бошқа талабгорларга хонадонларига яқин ҳудудлардан ер майдонлари ажратилиб, уларнинг деҳқончилик билан шуғулланиши учун имкониятлар яратилган. Жумладан, “Алишер Навоий” МФЙда 94 нафар, “Баҳористон” МФЙда 86 нафар, “Чорбоғ” ва “Денов” МФЙларининг ҳар бирида 109 нафардан, “Шарқ юлдузи”да 155 нафар, “Ўзбекистон” маҳалласида 117 нафар ҳамда “Гулистон” МФЙда 105 нафар талабгорга ер майдонлари ажратилган.
Бу эса нафақат аҳоли бандлигини таъминлаш, балки оилаларнинг қўшимча даромад олиши, томорқалардан самарали фойдаланиши ва ички бозорни қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлашда муҳим омил бўлмоқда.
Айни кунларда туманда аҳоли томорқалари билан бир қаторда, деҳқон ва фермер хўжаликларида кечки картошка, сабзи, бақлажон, ловия, карам, булғор қалампири каби сабзавотларни экиш ва парваришлаш ишлари жадал олиб борилмоқда.
Ярим гектардан 12 тонна ҳосил режаси
Жумладан, “Навоий” ҳудудидаги “Очил Бозор” фермер хўжалиги далаларида 50 сотих майдон картошка экиш учун тайёрланиб, унга Покистонда етиштирилган “Санта” навига мансуб уруғлик картошка такрорий экин сифатида экилди.
Мазкур нав юқори ҳосилдорлиги ва маҳаллий иқлим шароитига мослашувчанлиги билан ажралиб туради. Хўжалик меҳнат жамоаси картошка майдонида уч ой давомида белгиланган агротехник тадбирларни амалга ошириб, мавсум якунига қадар 12 тоннагача сара ҳосил олишни режалаштирмоқда.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, етиштириладиган маҳсулотни реализация қилиш орқали хўжалик 70 миллион сўм атрофида даромад олиши мумкин.
Бу эса бир қарашда кичикдек туюлган 50 сотих ер майдонидан ҳам унумли фойдаланиш орқали салмоқли иқтисодий натижага эришиш мумкинлигини кўрсатади.
Томорқа — тўкинлик ва даромад манбаи
Мутахассислар таъкидлаганидек, такрорий экинларни кенг жорий этиш ер ресурсларидан йил давомида самарали фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажмини кўпайтириш ва аҳоли даромадларини ошириш учун муҳим имкониятдир.
Айни пайтда Олот туманида мавжуд 4 минг 471 гектар аҳоли томорқасида 53 минг тонна атрофида эртаги сабзавот-полиз маҳсулотлари етиштириш ишлари олиб борилмоқда.
Хусусан, 570 гектарда 4 минг тоннадан ортиқ картошка, 502 гектарда 8 минг тонна атрофида помидор, 171 гектарда 3 минг 158 тонна сабзи, 580 гектарда 11 минг тонна атрофида пиёз етиштирилмоқда. Шунингдек, 700 гектардан ортиқ майдонда 30 минг тоннага яқин қовун-тарвуз ва ошқовоқ етиштириш ҳаракати жадал давом этмоқда.
Жорий йил деҳқончилик мавсумида туманда деҳқон хўжаликларининг 190 гектарида картошка, умумий ҳисобда эса 833 гектар майдонда пиёз, булғор қалампири, помидор, бодринг, карам, бақлажон ва бошқа сабзавот экинларини экиш ҳамда парваришлаш ишлари давом эттирилмоқда.
Зеро, унумли фойдаланилган ҳар бир қарич ер — қўшимча даромад, янги имконият ва дастурхон тўкинлиги демакдир. Томорқа ва такрорий экинлар эса аҳоли бандлигини таъминлаш, оилавий даромадни ошириш, ички бозорда маҳсулот мўл-кўллигини таъминлаш ҳамда нархлар барқарорлигига ҳисса қўшишнинг самарали воситаларидан бири ҳисобланади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








