Олот: “Эски Олот” маҳалласида яна 8 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланди
2026-08-07 16:50:00 / Янгиликлар

Айни пайтда маҳаллада 3 800 нафар аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг салмоқли қисмини хотин-қизлар ташкил этгани боис, уларнинг бандлигини таъминлаш ва иқтисодий фаоллигини ошириш устувор вазифалардан бири ҳисобланади.
Ҳудудда ташаббускор тадбиркор Нигора Наврўзова раҳбарлигидаги “Дилбар момо либослари” МЧЖ самарали фаолият юритмоқда. Корхонада ўнга яқин чевар меҳнат қилиб, атлас, адрас ва шойи каби миллий матолардан замонавий ҳамда миллий услубдаги либослар тайёрланмоқда. Буюртмалар сонининг ортиб бораётгани миллий либосларга бўлган талаб тобора юксалаётганини кўрсатмоқда.
Шунингдек, маҳалладаги “Zahro kelajak yulduzi” МЧЖда яна 8 нафар хотин-қиз доимий иш билан таъминланди. Корхонада замонавий тикувчилик йўлга қўйилган бўлиб, эркаклар ва аёллар учун футболкалар ҳамда турли хил аёллар кийимлари ишлаб чиқарилмоқда.
Айни кунда корхонада кунига 400 тадан ортиқ тайёр маҳсулот ишлаб чиқарилиб, улар ички бозорга, жумладан, водий вилоятларидаги савдо тармоқларига етказиб берилмоқда.
Корхонада фаолият юритаётган чеварлар меҳнатига яраша ўртача 3–4 миллион сўм миқдорида ойлик даромад олмоқда. Бу эса хотин-қизларнинг иқтисодий мустақиллигини мустаҳкамлаш, оилалар фаровонлигини ошириш ва барқарор бандликни таъминлашга хизмат қилмоқда.
Маҳаллада хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва янги иш ўринлари яратишга қаратилган лойиҳаларни кенгайтириш бўйича ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









