АҚШнинг “Head Honchos LLC” компанияси делегацияси Бухорода бўлди
2026-08-07 16:05:00 / Янгиликлар

Бундан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, АҚШнинг қишлоқ хўжалиги тармоғида меҳнат қилиш истагидаги номзодларнинг касбий салоҳиятини баҳолаш ҳамда истиқболли қўшма лойиҳаларни муҳокама қилишдан иборат бўлди.
Делегация дастлаб “Buxoro Agroklaster chorva” МЧЖ фаолияти билан танишди. Меҳмонларга корхонада яратилган замонавий инфратузилма, чорвачилик соҳасида қўлланилаётган илғор технологиялар ва ишлаб чиқариш жараёнлари тақдим этилди. Замонавий инновацион ечимлар асосида фаолият юритаётган агрокластер хорижий ҳамкорларда катта қизиқиш уйғотди.
Шунингдек, делегация Қоракўл туманидаги “Merganteks” пахта-тўқимачилик агрокластерида бўлиб, ишлаб чиқариш жараёнлари, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ҳудуднинг иқтисодий салоҳияти билан танишди.
Сафар доирасида “Case IH” қишлоқ хўжалиги техникаларига хизмат кўрсатиш марказида ҳам учрашув ташкил этилди. Бу ерда АҚШга “H-2A” дастури орқали ишлаш учун тайёргарлик кўраётган номзодлар билан очиқ мулоқот ўтказилди.
Учрашув давомида Тодд Миллер ва Нелсон Эночс номзодларнинг касбий билим ва амалий кўникмалари, замонавий қишлоқ хўжалиги техникаларини бошқариш маҳорати билан танишиб, АҚШда меҳнат қилиш шартлари, меҳнат маданияти, хавфсизлик қоидалари ҳамда касбий ривожланиш имкониятлари юзасидан тавсиялар бердилар.
Самимий ва конструктив руҳда ўтган мулоқотлар давомида ўзбекистонлик номзодларнинг тайёргарлик даражаси хорижий ҳамкорлар томонидан юқори баҳоланди. Томонлар қонуний ва хавфсиз меҳнат миграциясини ривожлантириш, малакали кадрларни халқаро меҳнат бозори талаблари асосида тайёрлаш ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасида узоқ муддатли ҳамкорликни кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашдилар.
АҚШ делегацияси Бухоро вилояти ҳокимининг инвестициялар, саноат ва савдо масалалари бўйича ўринбосари Ризо Асадов билан ҳам учрашди. Мулоқотда меҳнат миграцияси, қишлоқ хўжалиги ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш, малакали кадрларни халқаро меҳнат бозори талабларига мос тайёрлаш ҳамда келгусида амалга ошириладиган қўшма лойиҳалар истиқболлари муҳокама қилинди.
Ташриф Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида меҳнат миграцияси соҳасидаги амалий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, хорижий иш берувчилар билан алоқаларни кенгайтириш ҳамда янги имкониятларни шакллантириш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳоланди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати







