Бухорода Қурилиш соҳаси ходимлари куни тантанали нишонланди
2026-08-07 14:50:00 / Янгиликлар

Шу муносабат билан Бухорода тантанали тадбир ўтказилди. Унда вилоят ҳокими Ботир Зарипов иштирок этиб, соҳа ходимларини касб байрами билан самимий табриклади.
Таъкидланганидек, бугунги кунда мамлакатимиз, жумладан, Бухоро вилоятида ҳам кенг кўламли қурилиш ва бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Замонавий турар-жойлар, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш мажмуалари, муҳандислик-коммуникация тармоқлари, йўл ва транспорт инфратузилмаси, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт муассасалари, боғ ва хиёбонлар барпо этилаётгани соҳа ходимларининг фидокорона меҳнати самарасидир.
Жорий йилда давлат дастурлари доирасида қиймати 15,6 триллион сўмлик 1 200 та объект қурилмоқда. Йил якунига қадар 170 та мактаб, 85 та боғча, 81 та тиббиёт муассасаси, 182 та ичимлик суви ва оқова тизими объекти, 310 та йўл ва кўприк ҳамда 347 та бошқа турдаги объектларни фойдаланишга топшириш режалаштирилган.
Сўнгги тўққиз ярим йил давомида вилоятда 31 минг 500 та хонадондан иборат 843 та кўп қаватли уй-жой барпо этилди. Бу йил эса Қоракўл ва Бухоро туманларида "Янги Ўзбекистон" массивлари қурилиши давом этмоқда.
Шунингдек, Бухоро шаҳрида янги маъмурий марказ, янги халқаро аэропорт, Бухоро давлат университетининг янги кампуси, 50 гектар майдонда барпо этилаётган Бухоро туризм маркази, 30 минг ўринли янги "Марказий футбол ўйингоҳи", "Боқий Бухоро" маданий-этнографик парки ҳудудидаги конгресс-холл ҳамда Низомий Ганжавий маҳалласидаги икки беш юлдузли меҳмонхона каби йирик лойиҳаларда қурилиш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда. Бунда "яшил" стандартлар ва энергия тежовчи технологиялар кенг қўлланилмоқда.
Вилоят раҳбари мамлакатимизда қурилиш соҳасида янги босқич бошланганини таъкидлаб, 2017 йилдан буён август ойининг иккинчи якшанбаси Қурилиш соҳаси ходимлари куни сифатида нишонланиши давлат раҳбарининг соҳа вакилларига бўлган юксак эътибори ифодаси эканини қайд этди.
Шу билан бирга, соҳа олдида турган улкан вазифаларни амалга оширишда қурувчилар, меъморлар, муҳандислар ва мутахассислар ўз билим ва тажрибаларини сафарбар этиб, тармоқ ривожига муносиб ҳисса қўшишларига ишонч билдирилди.
Тадбирда бир гуруҳ соҳа вакиллари вилоят ҳокимлигининг ташаккурномалари ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Байрам тадбири таниқли санъаткорлар иштирокидаги концерт дастури билан якунланди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати







