Халқ қабулхонаси: “Президентимизга йўллаган мурожаатимиз ҳал этилганидан миннатдормиз!”
2026-08-07 09:40:00 / Янгиликлар

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти номига йўлланган мурожаатлар вилоят мутасаддилари томонидан атрофлича кўриб чиқилиб, туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳамда “Халқ қабулхоналари” билан ҳамкорликда ўз вақтида ва қонуний асосда ҳал этиб келинмоқда.
Таҳлиллардан кўринишича, шу йилнинг 1 июнидан 1 август кунига қадар Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бухоро вилоятидаги Халқ қабулхоналарида вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари томонидан ўтказилган 678 та шахсий қабул давомида жами 1 364 та мурожаат келиб тушган ва уларда кўтарилган 1 533 та масала батафсил кўриб чиқилган.
Бухоро вилояти ҳокимининг ўринбосари Бахтиёр Адилов томонидан ўтказилган навбатдаги шахсий қабулда ҳам фуқароларнинг мурожаатлари ижобий ечимини топмоқда. Мурожаатчиларнинг долзарб муаммолари тегишли тартибда ҳал қилиниб, уларнинг розилигига эришилмоқда.
Жумладан, Қоровулбозор тумани “Навбаҳор” МФЙ, Қўриқтепа қишлоғида яшовчи Ойнисо Ҳожиева ҳамда шу маҳалланинг Навбаҳор кўчаси, 1/6-уйда яшовчи Нафиса Бекниёзованинг мурожаатлари тегишли масъуллар иштирокида жойида ўрганилиб, ижобий ечимини топган.
Видеоконференция орқали ўтказилган қабулда атрофлича ўрганилганидек, Ойнисо Ҳожиева Қоровулбозор тумани мактабгача ва мактаб таълим бўлимига қарашли 3-сонли умумий ўрта таълим мактабида 11 йил директор ўринбосари ва 5 йил директор лавозимида фаолият юритган. Мурожаатда келтирилган важларга кўра, 2025 йилнинг 1 июнь санасида у номаълум сабабларга кўра лавозимидан озод қилинган. Шундан сўнг О. Ҳожиева ўз лавозимига қайта тикланишида амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб, юқори идораларга, Президент “Халқ қабулхонаси”га мурожаат йўллашга мажбур бўлган.
Ҳолат атрофлича ўрганилгач, Ойнисо Ҳожиеванинг аризасига кўра, шу йил 3 август санаси билан вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғининг тегишли буйруғига асосан меҳнат шартномаси тузилиб, Қоровулбозор туманидаги 3-сонли умумий ўрта таълим мактаби директори лавозимига тайинланди.
Худди шундай, мурожаат муаллифи Нафиса Бекниёзова 1-гуруҳ ногирони, туғма касаллиги билан кўп тармоқли туман марказий поликлиникасида назоратда тургани, доимий тиббий муолажага муҳтож бўлгани боис, даволаниш ва жарроҳлик амалиёти учун моддий ёрдам сўраган.
Дастлабки мурожаатларида мурожаатчи аёлга мустақил ҳаракатланиши учун дастлаб 20 миллион миқдорда моддий ёрдам кўрсатилиб, Самарқанд вилоятидаги хусусий клиникада 1-босқич жарроҳлик амалиёти мувафаққиятли ўтказилган. Бемор ногиронлик аравачаси ёрдамисиз қисман мустақил ҳаракат қилишни бошлаган, шунга қарамасдан, у 2-босқич жарроҳлик амалиётига муҳтож бўлгани сабабли Президент “Халқ қабулхонаси”га қайта-қайта мурожаат қилишга мажбур бўлган.
Видеоконференция орқали ўтказилган қабулда Самарқанд вилоятидаги клиника раҳбари билан телефон орқали боғланиб, мулоқот қилинганидан сўнг, ушбу клиника ҳисоб рақамига Нафиса Бекниёзованинг жарроҳлик амалиёти амалга оширилиши учун етарли маблағ кўчириб берилган ва бу мурожаат ҳам ўз ечимини топган. Айни кунда ташвиш-муаммолари ҳал қилинган Ойнисо Ҳожиева ҳамда Нафиса Бекниёзовалар Давлатимиз раҳбари, вилоят ҳокимлиги ҳамда бошқа дахлдор ижрочи ташкилотларга ўз миннатдорликларини баён этмоқдалар.
Умуман, қайд қилинганидек, жорий йил 1 июнидан 1 августига қадар Президент Халқ қабулхонасида кўриб чиқилган мурожаатларнинг 739 таси ижобий ҳал этилган бўлиб, шундан 501 таси бўйича ҳуқуқий тушунтириш ва тавсиялар берилган, 8 таси юзасидан тегишли тушунтиришлар тақдим этилган. Айни пайтда 273 та масала белгиланган тартибда ўрганиш жараёнида бўлиб, уларнинг ижроси назоратга олинган. Бир сўз билан айтганда, бу саъй-ҳаракат юртимизда инсон қадрини улуғлаш, ҳар бир мурожаатга масъулият билан ёндашиш ва аҳоли розилигини таъминлашнинг муҳим мезонидир.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати



