Жондор: гулчи ва тандирсоз хонадонида... табиатга меҳр, ҳунарга ихлос ва маҳалладошларга ибрат бор
2026-08-06 20:05:00 / Янгиликлар

Мукаррам Азимова ҳамда Зулфиқор Ҳаётов оиласи 20 йилдан ошибдики, томорқачилик билан шуғулланиб, рўзғор эҳтиёжи учун мўл ҳосил етиштириш баробарида иссиқхона хўжалигини юритиб, унда 20 турдан ортиқ анвойи гуллар етиштириш билан ҳам шуғулланиб келишади.
Хонадон бекасининг гулчиликка бўлган қизиқиши шунчаки хобби, қизиқиш бўлиб қолмай, тадбиркорлик фаолиятига айланган десак, муболаға эмас. Кўп йил олдин оддий ҳавас, қизиқишдан бошланган иш нафис касб-корга, гулчиликка айланди. “Меҳр билан гул парваришлаш нафақат моддий манфаат, балки руҳий осойишталик, ҳаётга, яшашга бўлган ошуфталикни ҳам оширади. Ўстирилаётган ҳар бир гул—табиатга ва меҳнатга бўлган чексиз меҳрнинг ёрқин ифодасидир”, дейди хонадон соҳибаси.
Ҳозирда бу мўъжаз иссиқхонада парваришланаётган турфа гуллар орасида киши кўнгли ва руҳига хуш ёқувчи, яшиллик ва нафосат тимсоли бўлмиш geran, pelargoniya, fikus, spatifillum (“Аёллар бахти"), sanseveriya, zamiokulkas, xlorofitum, шифобахш ва безак гуллардан алоэ Вера, kalanxoe, begoniya, senpoliya, бинафша, орхидея, anturium ҳамда интеръер кўрки ҳисобланмиш dratsena, monstera, potos, yepipremnum, tradeskansiya, peperomiya, kaktus va sukkulentlar, aglaonema каби кўплаб турдаги навларни кўриш мумкин. Маҳаллий иқлим шароитида баравж ўсиб гуллаётган бу нафис ўсимликларга кўчадош, маҳалладошлар ҳам ҳавас билан қарашади. Бу анвойи гуллардан ўзлари уйларида ўстириб, баҳра олаётган хонадон бекалари ҳам оз эмас.
Шундай оромбахш гўзалликка ошуфта равишда оила соҳиби Зулфиқор Ҳаётов кўп йилдирки, ота-бобосидан ўрганган ҳунари—тандирсозлик билан ҳам шуғулланади. Дастурхонда ноннинг ўрни қай даражада бўлса, қишлоқда тандирга шу даражада талаб бор. Айни ёз жазирамасида астойдил меҳнат қилган оила аъзолари тандирсозликни ҳам “жонлантириб” мўмай даромадга эга бўлишмоқда. Айни кунда ҳам ҳовлида ўндан ошиқ тандир тахт қилиб қўйилган. Улар орасида буюртмага тайёрлангани, лойига нафақат сомон, балки эчки, туя жуни қўшиб тайёрланаётган тандирлар бор.
Ибратли жиҳати, бир хонадоннинг томорқачилик, гулчилик ва тандирсозликдан эришаётган бир йиллик даромади 100 миллион сўмдан кам эмас. Ҳалол пешона теридан қўлга киритилаётган муваффақият уларнинг моддий таъминотини яхшилабгина қолмасдан, кундалик меҳнати орқали оиласига меҳнат завқини, роҳат ва руҳий тетикликни олиб кирмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









