Ижро интизоми: вилоятда қонунчилик ҳужжатлари, фармон ва қарорлар ижроси қатъий таъминланмоқда
2026-08-06 19:40:00 / Янгиликлар
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 10 февралдаги “Қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6166-сонли Фармони қабул қилинган.

Шунингдек, 2021 йил 31 майдаги “Ijro.gov.Uz” ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими самарали фаолият кўрсатишини таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-5132-сонли қарори ҳамда 2025 йил 25 июлдаги “Давлат органлари ва ташкилотларда ижро интизомини янада мустаҳкамлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-117-сонли фармонида белгиланган топшириқлар асосида Бухоро вилояти ҳокимлигида “Ijro.gov.Uz” ижро интизоми идоралараро электрон тизими орқали Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармон, қарор, фармойиш ва топшириқлари ҳамда мажлис баёнларида берилган топшириқлари ижрога қаратилиб, сифатли бажарилиши қатъий назоратга олинган.
Ҳафтанинг душанба кунлари вилоят ҳокими раҳбарлигида, ҳафтанинг чоршанба ва жума кунлари ҳокимнинг биринчи ўринбосари ҳузурида ижро интизоми ҳолати танқидий муҳокама қилиб келинмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти, Президент Администрaцияси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари ва топшириқлари ижроси кунбай, соатбай қатъий назоратга олинган.
“Ijro.gov.Uz” ижро интизоми идоралараро электрон тизимига киритилган қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлари Адлия вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Ҳисоб палатаси томонидан экспертизадан ўтказилганидан сўнг назоратдан ечилиши белгиланган. Шу боис, вилоят ҳокимлиги аппаратида ушбу топшириқлар белгиланган муддатларда ва пухта бажаралишини таъминлаш мақсадида олдиндан огоҳлантириш тизими йўлга қўйилган. Яъни, ҳар ҳафта 2 маротаба келгуси ойнинг якунига қадар ижро муддати келадиган топшириқлар рўйхати эслатма сифатида ҳоким ўринбосарлари, маслаҳатчилари, бўлинма раҳбарларига ҳамда туман ва шаҳар ҳокимликларига етказилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги аппарати масъул ходимлари томонидан ҳар ойда битта туман ва шаҳарда ҳамда вилоят бошқарма, корхона ва ташкилотларида қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлари ижроси мақсадли ўрганилмоқда. Жумладан, жорий йилнинг февраль ойида Жондор тумани ҳокимлигида, март ойида Бухоро автомобил йўллари ҳудудий бошқармасида, апрель ойида Қоракўл тумани ҳокимлигида, май ойида вилоят Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармасида, июнь ойида Пешку тумани ҳокимлигида қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлари ижроси ҳолати ўрганилиб, топшириқлар ижросини ташкил этишда амалий ёрдам кўрсатилди.
2026 йилнинг январ-июл ойлари давомида вилоят ҳокимлиги аппаратида ижро интизомининг ҳолати 59 маротаба муҳокама қилинган. 2023 йил 21 ноябр куни Президентимиз раҳбарлигида кенгайтирилган тарзда ўтказилган видеоселектор йиғилишида ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича берилган топшириқлардан келиб чиқиб, ҳар бир топшириққа “темир интизом” билан жиддий ёндошиш талаби қўйилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти ва ҳукуматнинг топшириқларини ўз вақтида, самарали ҳамда тўлиқ бажаришда вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, вилоят корхона ташкилотлар раҳбарлари, туман ва шаҳарлар ҳокимларининг роли ҳамда шахсий жавобгарлигини ошириш чоралари кўрилмоқда.
“Ijro.gov.Uz” ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизимида 2026 йил январ-июл ойлари давомида вилоятга дахлдор 2 941 та топшириқ келиб тушган бўлиб, ушбу топшириқларнинг 1 682 тасида вилоят ҳокимлиги асосий ижрочи ҳамда 1 259 тасида ҳамижрочи сифатида белгиланган.
Ушбу топшириқларнинг 2 930 таси (99.6 фоизи )нинг ижроси таъминланиб назоратдан ечилган. Қолган 11 та топшириқда вилоят ҳокимлиги ҳамижрочи сифатида белгиланган бўлиб, айни кунда бу топшириқларнинг ижросини таъминлаш чоралари кўрилмоқда.
Шунингдек, ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизимининг Президент Администрацияси модулидаги вилоят ҳокимлигига дахлдор 309 та ва Вазирлар Маҳкамаси топшириқлари модулида 862 та топшириқ келиб тушган бўлиб, барчасининг ижроси таъминланди.
Жорий йилнинг август ойидаги топшириқларнинг ижросини таъминлаш бўйича кунбай календар график ишлаб чиқилган. Ҳар бир ҳоким ўринбосари кесимида “Йўл харита”лари ишлаб чиқилиб, тасдиқланган ҳамда ижрога қаратилган. Август ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 215 та топшириқларидан 82 тасининг ижроси кечиктирмасдан таъминланди. Ҳозирда муддати кечиктирилаётган топшириқлар ижросини белгиланган муддатда ва сифатли таъминлаш бўйича барча зарур чора-тадбир кўрилмоқда.
Умид Қўшшаев,
вилоят ҳокимлиги бошқарув аппарати ижро интизоми назорати бўлими бошлиғи
