Жондор: қишлоқ мактабини янгилашга 17,2 миллиард сўм сарфланмоқда
2026-08-06 16:10:00 / Янгиликлар
Республика Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 7 майдаги 300-сонли “Энергия самарадорлигини оширишга қаратилган лойиҳаларни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ, айни кунда Жондор туманидаги “Сомончуқ” маҳалласида фаолият юритаётган 3-сонли умумтаълим мактабини мукаммал таъмирлаш ишлари жадал бормоқда.

Маҳаллий аҳолининг 1100 нафардан ортиқ фарзанди таҳсил олаётган қишлоқ мактаби қуриб фойдаланишга топширилганига 50 йилдан ошган бўлиб, кейинги пайтда моддий-техник жиҳатдан яроқсиз ва таъмирталаб ҳолга келганди. Иншоотни замонавий андозада таъмирлашга 17,2 миллиард сўм маблағ сарфланмоқда.
Вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги “Ягона буюртмачи инжениринг компанияси” буюртмаси асосида лойиҳа "Варахша махсус қурилиш" МЧЖ бинокорлари томонидан қайта мукаммал реконструкция қилинмоқда. Уч ой бурун бошланган таъмирлаш ишларида ўқув биноси капитал реконструкцияси, поли, томи, шифтлари, эшик-деразаларини замонавийсига янгилаш, муҳандислик тизимлари иситиш, электр энергияси, тоза ичимлик суви, муқобил энергия манбаи—қуёш панели билан таъминлаш, деворларни суваш, бўёқлаш каби муҳим жиҳатларга эътибор қаратилмоқда.
Шу билан бирга, синф хоналарb, маъмурий хоналар, спорт ва маданий-маърифий тадбирлар учун мўлжалланган ҳудуд талаб даражасида жиҳозланиши, қолаверса, ҳудудни ободонлаштириш, санитария тармоғини шай қилиш, мактаб ҳовлисини тартибга солиш ишлари назоратда.
Шу билан бирга, синф хоналарb, маъмурий хоналар, спорт ва маданий-маърифий тадбирлар учун мўлжалланган ҳудуд талаб даражасида жиҳозланиши, қолаверса, ҳудудни ободонлаштириш, санитария тармоғини шай қилиш, мактаб ҳовлисини тартибга солиш ишлари назоратда.
Ҳадемай, янгиланган кўринишда фойдаланишга топшириладиган умумтаълим мактаби қишлоқ ёшларининг истеъдодини юзага чиқариш, уларни талаб даражасида таҳсил олиши, ҳаётда ўз ўринларини топишларида долзарб восита бўлиб хизмат қилади. Зеро, сифатли таълим ва замонавий инфратузилма — эртанги кунга қўйилган мустаҳкам пойдевордир.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати







