Пешку: Варахша ва Мустақиллик маҳаллаларида болалар боғчалари мукаммал таъмирланмоқда
2026-08-06 11:15:00 / Янгиликлар
Барча дастурлар доирасида жорий йил ёзги мавсумида чекка тумандаги 10 та умумтаълим мактаби, 6 та давлат мактабгача таълим ташкилоти, 8 та соғлиқни сақлаш муассасаси ва 2 та бошқа муассасада мукаммал таъмирлаш, монтаж, ободонлаштириш ишлари давом эттирилмоқда.

Шу кунларда “Мустақиллик” маҳалла фуқаролар йиғинида 5-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти янгидан қурилаётган бўлса, Варахша маҳалласида фаолият юритиб келган 37-сонли болалар боғчаси аҳоли талаб ва истакларига биноан мукамал таъмирдан чиқарилмоқда.
Мустақиллик маҳалласидаги 5-сонли, замонавий андозадаги икки қаватли мактабгача таълим ташкилоти ҳадемай, қуриб битказилгач, 180 нафар жажжи болажонни ўз бағрига олади. Бу иншоот вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги “Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компанияси” буюртмасига биноан, “Бухоропроект” МЧЖ лойиҳаси асосида пудратчи “Elegant invest qurilish” МЧЖ бинокорлари томонидан барпо қилинмоқда. Бунинг учун умумий қиймати 6 миллиард 186 миллион сўмдан ортиқ маблағ ажратилган.
Худди шундай, Варахша маҳалласи, Ишкон кўчасидаги 37-сонли болалар боғчаси “Real max proekt” лойиҳаси асосида “Shofirkon Jo’ynav qurilish” МЧЖ ишчи-мутахассислари томонидан янгича андозада бунёд қилинмоқда. Мазкур объект лойиҳаси учун 3 миллиард 542 миллион сўм маблағ молиялаштирилган. Шу кунларда икки қаватдан иборат тикланган иншоотда сўнгги босқичдаги қурилиш-монтаж ишлари бошланган.
Ҳар икки бино қурилиши уч ой олдин бошланган бўлиб, иншоотларда зарур инфратузилмани тахт қилган ҳолда мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида фойдаланишга топшириш кўзда тутилган. Мазкур янгиланиш ва қишлоқлар кўркига кўрк қўшаётган иншоотлар 300 нафар жажи ўғил-қизни қамраб олиши, уларда барча зарур шарт-шароит ва жиҳозлар шай қилингани ҳолда жами 30 нафардан ортиқ тарбиячи-ходим болажонлар таълим-тарбиясига жалб қилиниши кутилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати







