Чўлдаги шаршара
2026-08-05 16:55:00 / Янгиликлар

Қизилқум чўлларининг Ғиждувон ва Шофиркон туманлари кесишмасида, Оёқ оғитма кўли яқинида шаршара борлиги хабарини эшитгач, қадим саҳроларга йўл оламиз.
Бухоро шаҳридан 100 километр узоқликдаги манзиллар ўзига оҳанграбодек чорлайверади. Шофиркондан чўлга рўбарў бўлгунимизча асфалт, равон йўл, қолган қисми илон изи сўқмоқлар, биздан олдин ўтган уловлар изидан одимлаймиз. Адашиб кетиш эҳтимоли кўпроқ.
Икки томондаги адоғи кўринмайдиган саҳролар сокин. Машина ойнасини тушириб, озроқ бўлсада чўл насимларидан симирасан. Турли ўт-ўланлар, шифобахш кўкатлар ҳиди думоққа урилади. Бу ҳудудда исириқ кўп. Янги ўсаётгани, қуриб қолгани, уруғлари сочилиб ётгани анча-мунча. Машинани тўхтатиб бир этак ҳазорспанд терамиз.
Олисдан ўркачларини лапанглатган туялар, отлар уюрига кўзимиз тушади. Саҳронинг ҳақиқий эгаларидек виқорли боқишади. Олисларда оққушлар галаси,тустовуқлар қичқириғи,ўрдак,ғоз,казаркалар кўзга ташланади. Устидаги тошини зўрға тортиб кетаётган тошбақа, илон, калтакесаклар ҳайрон боқади. Чўлнинг шамоли доимий эсишини назарга тутиб, шамол генераторлари ўрнатилгани, улардан электр энергияси олиш йўлга қўйилганидан қувонамиз.
Йўл олис, ўнқир-чўнқирлар ҳам таъсир қилмайди. Тоза ҳаво, жонбахш насим вужудингни қамрайди. Ҳатто саксовулнинг ҳам муаттар бўйи бор. Биз билмаган минг турли доривор ўсимликлар ифори вужудингга синга бошлайди, тетиклик бағишлайди. Буюк ипак йўли ўтган манзилларда бир вақтлар одамлар яшаган, карвонлар қатнови тинмаган. Қум остига қолиб кетиши оқибатида чўлдаги ҳаёт тарзи қисқара бошлаган.
Разм солсак, бир неча жойда ўтмишдан қолган қабристонлар борлигини пайқадик. Қизилқум чўлларининг Олот, Қоракўл, Ромитан ҳудудларига қараганда Шофиркон, Ғиждувон, Навоий ҳудудларидаги фарқни ҳис этамиз. Биз бораётган манзилда саксовуллар бироз кам, номини ҳам билмаган ўсимлик, буталар мўллигини кузатиш мумкин.
Анча-мунча йўл юриб қўйгач, Оёқ оғитма кўли ястаниб ётганини кўрдик. Нисбий чуқурлиги 130 метргача, 38 километрга чўзилиб ётган кўл. Ҳаво ҳарорати бу йилги ёзда баланд бўлгани кўлда ўз таъсирини кўрсатибди.
Сув қирғоқларга бош урмайди. Қушлар галаси тўлқинлар устида рақс тушади. Кўлга маҳзун тикилганча шаршарани излай бошлаймиз. Анча илгарилаб кетган машиналар ортидан одимлаймиз.Оёқ оғитма кўли шимолида ўпирилган жойлар бор. Чуқурлик анча пастда. Юқоридаги кўл сувининг бир қисми жарликка йўл олган.
Гўзал шаршара ҳосил бўлган. 18 метрча баланддан пастга тушаётган зилол сувни шамол тўрт томонга сочади. Қуёш нурида камалак пайдо бўлади. Яқинига борганинг сайин юзларингга томчилар урилади. Ҳузурбахш онлар сурури бўлакча. Тошдан тошга сакраб, ирмоқлар оқими сари юрамиз. Бу кўлнинг номи "Оёқ оғитма" дейилиши бежиз эмас. Салга тойиб кетиш мумкин. Бир неча бор йиқилиб, турдик ҳам.
Барибир шаршарага яқин бордик. Унинг овозасини эшитганлар кўп шекилли, биздан олдин келганлар аллақачон кўлда балиқ овига киришибди. Шаршара атрофида гилам тўшаб, ўрнашиб олишган эдилар. Қозонларда таомлар пиша бошлабди.
Шаршарага маҳлиё бўлиб турсак, келганлар аллақачон ярим қопдан балиқ овлаб қайтишди. Қозонларда қовуриб, балиқхўрликка чорлашди. Топган-тутганимизни ўртага қўйиб, узоқ ўтирдик. Бундай мусаффо ҳаво, шамшара жозибаси, томчиларнинг юзларингга урилиши кўп йилларга татирли жозиба, роҳатижон эди!
Шунингдек кўлнинг юқори қисмида иссиқ сув чиққани учун ҳам келгувчилар кўп. Оёқ, бўғинлар оғриғига шифо бўлишини кўпчилик тасдиқлашади. "Ҳизир нур" зиёратгоҳида бўлиб, бу жойни тавоф этадилар.
Шу боис саҳрода экотуризмни ривожлантириш имкониятлари кўпроқ. Аминмизки яқин келажакда саҳро бағри обод бўлади.
Чўл бағрида, Оёқ оғитма кўли, шаршара, иссиқ сув, зиёратгоҳида келгувчилар сони ошаверади. Оққушлар қанот қоқиб, қалдирғочлар чарх уриб, отлар ва туялар уюри кўпайиб меҳмонларга пешвоз чиқаверади...
Махфират Атоева,
Журналист
