Бухоро тумани: Хитой сафари доирасида сармоявий ҳамкорлик бўйича келишувларга эришилди
2026-08-05 16:40:00 / Янгиликлар

Жумладан, делегация Шинжон Уйғур автоном районида юздан ортиқ турдаги қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Benglondongji” компанияси раҳбарияти билан музокаралар ўтказди.
Учрашувда Бухоро туманида замонавий қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, илғор технологияларни жорий этиш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ҳамда қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Хитойлик инвесторлар туманда қишлоқ хўжалиги техникалари ишлаб чиқариш корхонасини ташкил этишга катта қизиқиш билдирдилар.
Шунингдек, Хитойнинг “Dayu Zhihui Nongye Youxian Gongsi” компанияси ҳамда Бухоро туманидаги “Uch qarag‘ay Agrolend” кластери ҳамкорлигида минерал ўғитлар ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш бўйича келишувга эришилди.
Мазкур лойиҳа қишлоқ хўжалиги тармоғини сифатли ва замонавий минерал ўғитлар билан таъминлаш, маҳаллий ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ҳамда янги иш ўринлари яратишга хизмат қилади.
Музокаралар давомида томонлар лойиҳаларнинг ташкилий, техник ва инвестициявий жиҳатларини батафсил муҳокама қилиб, уларни қисқа муддатларда амалга ошириш юзасидан ўзаро келишувга эришдилар. Режага мувофиқ, лойиҳа доирасидаги амалий ишлар жорий йил август ойининг охирида бошланади.
Шунингдек, август ойи охирида хитойлик инвесторларнинг Бухоро туманига ташрифи режалаштирилган. Ташриф давомида ҳудуднинг инвестиция салоҳияти билан танишиш, ишлаб чиқариш қувватларини жойлаштириш, сармоя ҳажмини белгилаш ҳамда замонавий технологияларни жорий этишга оид ташкилий-ҳуқуқий масалаларни муҳокама қилиш кўзда тутилган.
Айни пайтда Бухоро тумани ҳокимлиги делегациясининг Хитой Халқ Республикасига хизмат сафари давом этмоқда. Сафар доирасида хорижий компаниялар ва тадбиркорлар билан қатор истиқболли инвестиция лойиҳалари юзасидан учрашув ҳамда амалий музокаралар ўтказилиши режалаштирилган.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








