Бухоро тумани делегацияси Хитой Халқ Республикасида хизмат сафарида
2026-08-04 16:55:00 / Янгиликлар

Мақсад — тўғридан тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш, замонавий технологияларни ўзлаштириш, илғор ишлаб чиқариш тажрибасини ўрганиш ҳамда истиқболли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришдан иборат.
Хизмат сафарининг дастлабки кунида делегация Урумчи шаҳрида жойлашган “DAYUZHIHUI” компанияси фаолияти билан яқиндан танишди. Мазкур корхона кимёвий ўғитлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўлиб, замонавий технологиялари, юқори ишлаб чиқариш қуввати ва инновацион ёндашувлари билан соҳадаги етакчи компаниялардан бири ҳисобланади.
Хизмат сафари давомида корхонадаги замонавий ишлаб чиқариш жараёнлари, маҳсулот сифатини назорат қилиш тизими ҳамда экологик хавфсизликни таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар кўздан кечирилди. Шунингдек, компания раҳбарияти билан ўтказилган учрашувда қишлоқ хўжалиги соҳасида замонавий агротехнологияларни жорий этиш, юқори самарадорликка эга кимёвий ўғитлар ишлаб чиқариш ва ушбу йўналишда ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, бундай халқаро ҳамкорликлар ҳудуднинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, илғор технологияларни жорий этиш, ишлаб чиқариш салоҳиятини юксалтириш ҳамда янги иш ўринларини яратишда муҳим аҳамият касб этади.
Хизмат сафари давомида Хитойнинг етакчи компаниялари, инвесторлари ва тадбиркорлик субъектлари билан қатор учрашув ва музокаралар ўтказилиши режалаштирилган. Ташриф якунлари ҳамда эришиладиган келишувлар, шунингдек истиқболли ҳамкорлик лойиҳалари ҳақида қўшимча маълумот берилади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








