Бухоро туманида Хитойнинг “Шинжон” усули асосида қарийб 2 минг гектар майдонда пахта етиштирилмоқда
2026-08-04 14:20:00 / Янгиликлар

Жумладан, тумандаги "Уч Қарағай" МЧЖ пахтачилик кластери ҳамда хитойлик инвесторлар ҳамкорлигида амалга оширилаётган йирик инвестиция лойиҳаси бу борадаги амалий ишлар самарасидир.
Бугунги кунда лойиҳа доирасида чўл ҳудудидаги қарийб 2 минг гектар майдонда юқори ҳосилдор хорижий нав уруғлари экилиб, Хитойнинг “Шинжон” усули асосида ғўза парваришланмоқда. Экин майдонларида сувни тежовчи томчилатиб суғориш технологияси жорий этилган бўлиб, барча агротехник тадбирлар белгиланган муддатларда амалга оширилмоқда. Айни пайтда ғўза гуллаш босқичига кирган бўлиб, бу келгусида мўл ҳосил олиш учун муҳим омил ҳисобланади.
Мазкур лойиҳа Бухоро тумани ҳокимлиги делегациясининг бир неча ой аввал Хитой Халқ Республикасига амалга оширган хизмат сафари давомида эришилган келишувлар асосида йўлга қўйилган ҳамкорликнинг амалий натижасидир. Унда Хитойнинг илғор тажрибаси ва замонавий агротехнологияларини жорий этиш орқали ерлар унумдорлигини ошириш, сув ресурсларидан тежамкорлик билан фойдаланиш ҳамда ҳосилдорликни сезиларли даражада кўпайтириш мақсад қилинган.
Эътиборлиси, ўтган йили туманнинг Новметан ва Кунжиқалъа маҳаллалари ҳудудидаги Қумсултон чўл массивида 350 гектар майдонда томчилатиб суғориш технологияси асосида пахта етиштириш бўйича тажриба лойиҳаси муваффақиятли амалга оширилган эди. Миришкор деҳқонлар меҳнати самарасида ҳар гектардан 80 центнергача ҳосил олинди. Эришилган юқори натижалар мазкур тажрибани кенгайтириш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилди ва бугунги кунда унинг кўлами бир неча баробарга оширилди.
Мазкур инвестиция лойиҳаси фойдаланилмай келган ерларни қишлоқ хўжалиги айланмасига киритиш, замонавий ва илм-фанга асосланган пахтачиликни ривожлантириш, саноат учун сифатли хомашё етиштириш ҳажмини ошириш, янги иш ўринларини яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда Бухоро туманининг аграр ва инвестициявий салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









