Когон тумани: “Oygul Grand Chevar” — меҳнат ва ташаббус самарасида юксалаётган корхона
2026-08-03 14:45:00 / Янгиликлар

Когон туманининг “Ўба-чўли” маҳалласида фаолият юритаётган “Oygul Grand Chevar” хусусий корхонаси ҳам ана шундай самарали ташаббуслардан бири ҳисобланади.
Корхона раҳбари Ойгул Чориева кўп йиллар давомида якка тартибда тикувчилик билан шуғулланиб келган. У ўз тажрибаси ва меҳнати орқали тикувчиликни нафақат шахсий даромад манбаи, балки бошқа инсонлар учун ҳам иш ўрни яратадиган фаолиятга айлантиришни мақсад қилган.
2023 йилда “Аёллар дафтари” дастури доирасида ажратилган имтиёзли кредит асосида маҳалладаги бўш турган бино ижарага олиниб, иккита тикув машинаси билан кичик тикув цехига асос солинди. Дастлаб тўрт нафар хотин-қиз иш билан таъминланган бўлса, қисқа вақт ичида корхона фаолияти кенгайиб, иш ўринлари сони ортиб борди.
Айни пайтда корхонада 20 нафар хотин-қиз доимий иш билан таъминланган. Уларнинг аксарияти аввал ишсиз бўлган ва “Аёллар дафтари” рўйхатида турган фуқаролардир. Шунингдек, корхонада ёшларни касбга ўргатиш, уларга тикувчилик сирларини ўргатишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳозирда беш нафар қиз тажрибали усталардан ҳунар ўрганмоқда.
Корхонада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифати қисқа вақт ичида харидорлар ишончини қозонди. Бу ерда сочиқлар, ошхона ёпинчиқлари, кийим-кечак, дастрўмол ва бошқа тайёр тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Маҳсулотлар ички бозор билан бир қаторда хорижий бозорларга ҳам етказиб берилмоқда. Жумладан, Россия Федерациясидаги ҳамкорлар буюртмаси асосида 80 минг дона дастрўмол етказиб берилгани корхонанинг ишлаб чиқариш салоҳияти ва маҳсулотларга бўлган талаб ортиб бораётганини кўрсатади.
Корхона фаолияти маҳалладаги хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш ва уларнинг даромадини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ишчилар ўз яшаш ҳудудидан узоқлашмаган ҳолда меҳнат қилиб, ойига ўртача 2–3 миллион сўм даромад олмоқда. Корхонанинг ойлик соф фойдаси эса 15 миллион сўмдан ортиқни ташкил этмоқда.
Ойгул Чориеванинг меҳнати, изланиши ва тадбиркорлик ташаббуси бугун кўплаб аёллар учун ибрат намунаси бўлиб хизмат қилмоқда. Кичик тикув цехидан бошланган фаолиятнинг қисқа муддатда экспорт салоҳиятига эга корхонага айланиши яратилган имкониятлардан самарали фойдаланиш, фидокорона меҳнат ва қатъиятнинг ёрқин намунасидир.
Энг муҳими, “Oygul Grand Chevar” корхонаси ўнлаб оилалар учун барқарор даромад манбаига айланиб, маҳаллада хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва уларнинг тадбиркорлик салоҳиятини рўёбга чиқаришга муносиб ҳисса қўшмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати






