Меваси — мўл, меҳнати — ҳалол: жондорлик Умида Эргашеванинг муваффақият ҳикояси
2026-08-03 14:30:00 / Янгиликлар

Атиги 4 сотих ер. Ким учундир оддий томорқа бўлиши мумкин бўлган бу майдон Умида ва унинг оиласи учун барака, даромад ҳамда келажакка ишонч манбаига айланган.
— Дастлаб бироз иккиланганмиз, — дейди Умида табассум билан. — Ёш бўлганим учун иссиқхона юмушларини уддалай оламанми, деган хавотир бор эди. Аммо турмуш ўртоғим ва оила аъзоларимнинг «Биз биргамиз, албатта уддалаймиз!» деган далдаси менга куч бағишлади.
Оиланинг аҳиллиги ва тинимсиз меҳнати тез орада ўз самарасини берди. Иссиқхонанинг 2 сотих майдонида етиштирилган помидор мўл ҳосил берди ва бозорга чиқарилган маҳсулот қисқа фурсатда харидорини топди.
Бугунги кунда иссиқхонанинг қолган қисмида булғор қалампири парвариш қилинмоқда. Шохларида шиғил бўлиб пишаётган ҳосил босқичма-босқич йиғиб олинмоқда. Иссиқхонанинг яна бир бурчагида эса келажак режалари тимсоли бўлган цитрус дарахтлари парваришланмоқда.
Мавсум якунлари сарҳисоб қилинганда, помидор ва булғор қалампиридан олинган даромаддан уруғ, ўғит, парвариш ҳамда бошқа харажатлар чегириб ташлангач, оила бир мавсумнинг ўзида 30 миллион сўмдан ортиқ соф фойда кўрди.
— Ҳалол меҳнатнинг роҳатини ҳис қилишнинг ўзи катта бахт, — дейди Умида. — Пешона тери билан топилган даромад инсонни янада кўпроқ меҳнат қилишга ундайди. Юртимизда ёшларга яратилаётган имкониятлардан фойдаланиб, томорқамизни даромад манбаига айлантирганимиз учун шукр қиламиз.
Бугун Умида Эргашева нафақат ҳосил етиштирмоқда, балки оиласининг фаровон келажагини бунёд этмоқда. Булғор қалампири ҳосили якунлангач, бўшаган майдон навбатдаги мавсум учун тайёрланади.
Умиданинг ҳаёт йўли яна бир ҳақиқатни тасдиқлайди: катта муваффақият учун албатта катта ер майдони керак эмас. Меҳнатсеварлик, қатъият ва оилавий ҳамжиҳатлик бўлса, атиги 4 сотих ер ҳам барака ва фаровонлик манбаига айланиши мумкин. Бу эса бугунги ёшлар учун ҳалол меҳнат ва интилиш орқали муваффақият сари одимлашнинг ёрқин намунасидир.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









