“Самарали маркетинг стратегиясини амалга ошириш: Япониянинг амалий тажрибаси”
2026-08-01 15:10:00 / Янгиликлар

Қарорга мувофиқ, “Ўзбекистон—Япония маркази” лойиҳасининг VI босқичи Япония Ҳукуматининг дастлабки баҳолаши асосида ажратиладиган 2,9 миллион АҚШ доллари миқдоридаги техник кўмак маблағлари ҳисобига амалга оширилади.
Ҳужжат билан “Ўзбекистон—Япония маркази” фаолиятини янада ривожлантириш бўйича амалий чора-тадбирлар режаси (“Йўл харитаси”) тасдиқланди. Шунингдек, 2026–2027 йилларга мўлжалланган фаолият режаси JICA ва Япония фонди (JF) иштирокида ишлаб чиқилди.
Режага мувофиқ, марказ фаолиятини кенг оммага танитиш, давлат органлари ва ташкилотларида корпоратив семинарлар ҳамда ўқув машғулотларини ташкил этиш, Coursera, edX ва Udemy каби етакчи халқаро онлайн таълим платформалари орқали ўқув курсларини йўлга қўйиш, Бухоро шаҳридаги филиални модернизация қилиш, унинг самарадорлигини ошириш ва янги йўналишларни ташкил этиш назарда тутилган. Шунингдек, 2026 йил давомида Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида Япония таълим кўргазмаларини ўтказиш ҳам режалаштирилган.
Шу муносабат билан бугун вилоят ҳокимлиги мажлислар залида “Самарали маркетинг стратегиясини амалга ошириш: Япониянинг амалий тажрибаси” мавзусида амалий семинар бўлиб ўтди.
Семинарда вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликларининг масъул ходимлари иштирок этди. Тадбирни вилоят ҳокимлиги бошқарув аппарати ташкилий-кадрлар гуруҳи раҳбари Иззатилло Маҳмудов очиб берди.
Семинар давомида JICA масъул ходимлари Мазаказу Хиракава ва Киминйо Мёнг самарали маркетинг стратегиясининг асосий тамойиллари, бренд маркетинги, дизайн, маълумотлар таҳлили, истеъмол бозори, симуляция усуллари, ягона миллий стендларни шакллантириш, тақдимотлар ва маркетинг тадбирларини ҳамкорликда ташкил этиш масалалари юзасидан батафсил тақдимот ўтказдилар.
Япониялик экспертлар икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ва гуманитар ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, маҳаллий маҳсулотларни халқаро бозорларга олиб чиқиш имкониятларини кенгайтириш, консалтинг хизматлари орқали халқаро стандартлар ва бозор тенденцияларини ўрганиш, шунингдек, замонавий маркетинг стратегияларини самарали қўллаш бўйича ўз тажриба ва тавсиялари билан ўртоқлашдилар.
Семинар якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан атрофлича жавоб олдилар.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









