Ботир Зарипов Xi'an Jiaotong University олимлари билан учрашди
2026-07-29 17:20:00 / Янгиликлар

Университет 1896 йилда Шанхай шаҳрида Nanyang Public School номи билан ташкил этилган. 1956 йилда унинг асосий қисми давлат қарори билан Сиань шаҳрига кўчирилди ва 1959 йилдан буён Xi'an Jiaotong University номи остида фаолият юритиб келмоқда.
Сўнгги йилларда Бухоро давлат тиббиёт университети ва Xi'an Jiaotong University, айниқса унинг Биринчи ва Иккинчи аффилиацияланган клиникалари ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилди. Ушбу ҳамкорлик тиббий таълим, илмий тадқиқотлар, клиник амалиёт ҳамда академик алмашинув каби муҳим йўналишларни қамраб олган.
2024 йилда икки олий таълим муассасаси ўртасида расмий ҳамкорлик меморандуми имзоланиб, таълим, илм-фан ва клиник тиббиёт соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун мустаҳкам асос яратилди. Шунингдек, талабалар, клиник ординаторлар ва профессор-ўқитувчиларнинг академик алмашинувини йўлга қўйиш, ёзги мактаблар ҳамда малака ошириш дастурларини ташкил этиш бўйича келишувларга эришилди.
Ҳамкорлик доирасида нефрология, онкология, биоинформатика, биотиббий муҳандислик, сунъий интеллект ва рақамли тиббиёт соҳаларида қўшма илмий тадқиқотларни амалга ошириш режалаштирилган.
Жумладан, Xi'an Jiaotong University Биринчи аффилиацияланган клиникасида "Минимал инвазив эндоскопик технологиялар" бўйича қисқа муддатли ўқув дастури ташкил этилди. Унда Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан, жумладан, бухоролик 20 нафар шифокор грант асосида малака оширди.
Шу билан бирга, университетнинг Иккинчи аффилиацияланган клиникаси билан ҳамкорликда Хитой–Ўзбекистон Интервенцион нефрология диагностикаси ва даволаш марказини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди. Бундан ташқари, Бухорода тиббий таълим ва амалий кўникмаларни ривожлантиришга хизмат қилувчи сунъий интеллектга асосланган инновацион лабораторияни ташкил этиш режалаштирилган. Ушбу лойиҳа диабетик нефропатияни эрта аниқлаш, буйрак касалликларини прогнозлаш ва гемодиализдаги беморларни рақамли бошқариш каби муҳим йўналишларни ўз ичига олади.
Шунингдек, 2027–2028 ўқув йилидан бошлаб қўшма магистратура дастурларини йўлга қўйиш, Visiting Professor дастурини амалга ошириш ҳамда университетларнинг илмий электрон маълумотлар базаларидан ўзаро фойдаланиш имкониятларини яратиш бўйича ҳам келишувлар мавжуд.
2025 йилда Xi'an Jiaotong University раҳбарияти ва профессорлари Бухорога ташриф буюриб, нефрология соҳасида маҳорат дарслари ўтказди ҳамда ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган бир қатор келишувларни имзолади. Бу ташриф икки мамлакат ўртасидаги тиббий таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлди.
Мазкур ҳамкорликнинг мантиқий давоми сифатида айни кунларда Xi'an Jiaotong University Иккинчи аффилиацияланган клиникаси профессори Chang Lyu бошчилигидаги делегация Бухоро вилоятида бўлиб турибди.
Хитойлик олимлар иштирокида Бухоро шаҳрида Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги тиббий ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб берувчи қўшма тиббий скрининг дастури ишга туширилди. Лойиҳа доирасида Buyrak Interventional Training Center (Буйрак интервенцион таълим маркази) ҳам расман ўз фаолиятини бошлади.
Мазкур марказ интервенцион нефрология соҳасида юқори малакали мутахассислар тайёрлаш, халқаро малака ошириш курсларини ташкил этиш, қўшма илмий тадқиқотлар ўтказиш, замонавий клиник технологияларни тиббиёт амалиётига жорий қилиш ҳамда академик алмашинув дастурларини янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Шунингдек, 27–29 июль кунлари Бухоро шаҳрида хитойлик мутахассислар иштирокида бачадон бўйни саратони, сут бези саратони ҳамда гемодиализдаги беморлар учун нефрологик кўриклар бўйича бепул тиббий скрининглар ташкил этилмоқда. Дастур доирасида маҳаллий шифокорлар учун амалий маҳорат дарслари, клиник муҳокамалар ва ўзаро тажриба алмашиш тадбирлари ҳам ўтказилмоқда.
Бугун Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов Хитой делегацияси аъзоларини қабул қилди. Учрашув давомида икки мамлакат тиббиёт муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш, профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинувини ривожлантириш, замонавий тиббий технологияларни жорий этиш ҳамда истиқболдаги қўшма дастурларни амалга ошириш масалалари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Ушбу ташриф ва амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар Ўзбекистон–Хитой муносабатларининг тиббиёт ва илм-фан соҳасида изчил ривожланаётганини яна бир бор тасдиқлаб, Бухоро давлат тиббиёт университетининг халқаро ҳамкорлик салоҳиятини янги босқичга олиб чиқиши билан аҳамиятлидир.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати






