Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зариповнинг Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Президентнинг фармон ва қарорлари ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳужжатлари ижроси юзасидан ҳисоботи
2026-07-27 13:40:00 / Янгиликлар
Бухоро вилоятида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар доирасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини ошириш, тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Президентнинг фармон ва қарорлари ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳужжатлари ижроси юзасидан вилоят ҳокими Ботир Зариповнинг ҳисоботи

Қадрли ватандошлар!
Сўнгги йилларда мамлакатимизда Президентимиз раҳбарликларида амалга оширилаётган кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар ҳудудларнинг ички имкониятларини тўлиқ ишга солиш, аҳоли фаровонлигини ошириш ва иқтисодиётнинг мутлақо янги ўсиш нуқталарини шакллантиришга хизмат қилмоқда.
Бу жараёнларда Бухоро вилояти ҳам иқтисодий салоҳияти, инвестициявий жозибадорлиги ва тадбиркорлик муҳитини яхшилаш бўйича изчил натижаларга эришмоқда. Энг муҳими, амалга оширилаётган ислоҳотлар иқтисодий кўрсаткичларни ошириш билан чекланмай, ҳар бир маҳалла, ҳар бир тадбиркор ва ҳар бир оиланинг даромадларини кўпайтиришга хизмат қилмоқда.
2026 йилнинг биринчи ярим йиллиги якунлари бу фикрнинг амалий тасдиғи бўлди. Ҳисобот давомида иқтисодиётнинг асосий тармоқларида барқарор ўсиш суръатлари сақланди, инвестиция фаоллиги сезиларли даражада ошди, янги ишлаб чиқариш қувватлари яратилди, хизматлар соҳаси кенгайди, экспорт географияси янада диверсификация қилинди ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш борасида муҳим натижаларга эришилди.
Ярим йиллик якунларига кўра, вилоят ялпи ҳудудий маҳсулоти 44,7 триллион сўмга етказилиб, иқтисодий ўсиш суръати 108,8 фоизни ташкил этди. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 26,3 триллион сўмга (108,2%), хизматлар 25,5 триллион сўмга (116,2%), қишлоқ хўжалиги 21,6 триллион сўмга (104,3%), қурилиш ишлари эса 10,9 триллион сўмга (116,2%) етди.
Бироқ бугунги Бухоронинг энг муҳим ютуғи фақат иқтисодий ўсиш рақамларида эмас. Энг аҳамиятлиси – иқтисодиётнинг ички сифати ўзгармоқда. Энди ҳудуд тараққиёти давлат маблағлари ҳисобидан эмас, балки хусусий инвестициялар, экспортбоп ишлаб чиқариш, рақамли технологиялар ва маҳаллаларнинг ички имкониятларини ишга солиш ҳисобига таъминланмоқда.
Сўнгги йилларда Бухоро вилоятида иқтисодий тараққиётга ёндашув тубдан ўзгарди. Илгари инфратузилма қуришнинг ўзи мақсад бўлган бўлса, бугун у хусусий капитални жалб қилиш ва янги бизнес муҳитини шакллантиришнинг энг муҳим воситасига айланди.
Бунинг ёрқин намунаси сифатида вилоятда иқтисодиётга кучли туртки бераётган 46 та драйвер лойиҳа амалга оширилди. Уларни зарур муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлаш учун республика бюджетидан 97,6 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.
Яратилган инфратузилма қисқа вақт ичида хусусий сектор фаоллигини кескин оширди. Натижада вилоятда 17 та туну-кун ишлайдиган (24/7) хизмат кўрсатиш кўчаси, 11 та соҳил бўйи дам олиш ҳудуди, 4 та йўл бўйи сервис мажмуаси, 4 та замонавий туризм ва истироҳат маскани ҳамда бошқа янги иқтисодий объектлар ташкил этилди.
Энг муҳими, мазкур ҳудудларда 727 та янги тадбиркорлик субъекти ташкил қилиниб, 6 минг нафар аҳоли доимий иш билан таъминланди.
Бухоро шаҳридаги Олим Хўжаев маҳалласида барпо этилган 24/7 хизмат кўрсатиш кўчаси бу борадаги лойиҳалардан бири бўлди. Қисқа муддат ичида ушбу ҳудудда 58 та янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилди, 32 та мавжуд бизнес фаолияти кенгайтирилди ва 100 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди.
Бухоро вилоятида хизматлар соҳасини ривожлантиришда мутлақо янги ёндашув жорий этилди. Энди автомобиль йўллари, сув ҳавзалари ва шаҳар ҳудудлари фақат транспорт ёки дам олиш маскани сифатида эмас, балки тадбиркорлик, инвестиция ва аҳоли бандлигини таъминлайдиган иқтисодий нуқталар сифатида ривожлантирилмоқда.
Хусусан, халқаро аҳамиятга эга А-380 ва М-37 автомобиль йўлларининг вилоят ҳудудидан 486 километр қисми ўтиши йўл бўйи хизматларини кенгайтириш учун катта имконият яратди. Ана шу имкониятдан самарали фойдаланиш мақсадида 203 та лот бўйича 69,4 гектар ер майдони электрон аукционга чиқарилди.
Натижада 45,3 гектар ер майдони 133 нафар ташаббускор тадбиркорга реализация қилинди.
Бу рақамлар ортида муҳим иқтисодий ўзгариш мужассам.
Илгари фойдаланилмай турган ерлар бугун инвестиция жалб қилаётган, хизмат кўрсатиш объектлари қад ростлаётган ва янги иш ўринлари яратилаётган иқтисодий ҳудудларга айланмоқда.
Бунинг ёрқин исботини Ғиждувон туманида кўриш мумкин.
М-37 халқаро автомобиль йўли бўйида 13,3 гектар ер майдони аукционга чиқарилиб, 40 миллиард сўмга сотилди.
Инфратузилма яратилгунга қадар бир сотих ернинг бозор қиймати 4–5 миллион сўм атрофида бўлган бўлса, муҳандислик тармоқлари тортилгандан кейин бу кўрсаткич 30 миллион сўмгача ошди.
Мазкур ҳудудда жорий йилнинг ўзида 70 та янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилиб, 90 нафар аҳоли доимий иш билан таъминланади. Шунингдек, амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари ҳисобидан қарийб 100 та янги бизнес субъекти, 650 миллиард сўмлик инвестиция, 1 550 та янги иш ўрни,
500 миллиард сўмлик қўшимча маҳсулот ҳамда 25 миллиард сўмлик бюджет тушуми шакллантирилади.
Вилоятда сув ҳавзалари атрофини иқтисодий фаол ҳудудларга айлантириш бўйича ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Табиий ландшафтдан оқилона фойдаланиш асосида аҳоли дам оладиган, туристлар ташриф буюрадиган ва тадбиркорлар фаолият юритадиган замонавий масканлар барпо этилмоқда.
Ҳозирги кунда вилоятда 11 та соҳилбўйи лойиҳаси амалга оширилмоқда. Бу доирада 1,78 гектар ер майдони электрон аукционга, 0,30 гектар ер майдони эса К-Sавдо платформаси орқали тадбиркорларга таклиф этилди. Натижада 50 та янги тадбиркорлик субъекти ташкил қилиниб, 124 та янги иш ўрни яратилди.
Йил якунига қадар ушбу лойиҳалар ҳисобидан яна 150 та янги тадбиркорлик субъекти ташкил қилиниб, 324 нафар фуқаро доимий иш билан таъминланади.
Олот туманидаги "Халифа" маҳалласи ҳудудидан ўтувчи Аму–Қоракўл канали соҳили бугун мутлақо янги қиёфа касб этмоқда. Илгари бўш ва фойдаланилмай турган ҳудудда савдо, хизмат кўрсатиш ва кўнгилочар объектлар ташкил этилиб, 17 та янги тадбиркорлик субъекти ҳамда 52 та янги иш ўрни яратилди.
Жондор туманидаги Зарафшон дарёси соҳилида эса қиймати 50 миллиард сўм бўлган замонавий хизмат кўрсатиш маркази қурилмоқда. Лойиҳа тўлиқ амалга оширилгач, 60 та янги бизнес субъекти ташкил қилиниб, 150 нафардан зиёд аҳоли доимий иш билан таъминланади.
Жорий йилда мазкур мақсадлар учун давлат бюджетидан 213 миллиард сўм ажратилиб, барча лойиҳаларнинг муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини тўлиқ якунлаш ишлари олиб борилмоқда.
Йил охирига қадар:
• 47 та туну-кун ишлайдиган хизмат кўрсатиш кўчаси;
• 6 та соҳил бўйи мажмуаси;
• 16 та йўл бўйи сервис ҳудуди ташкил этилади;
• 13,4 гектар ер майдони тадбиркорлик учун аукционга чиқарилади;
• 913 та янги савдо ва сервис объекти ишга туширилади;
• уларда 5 257 та янги иш ўрни яратилади.
2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида бу борада муҳим натижаларга эришилди. Ҳисобот давомида иқтисодиётга 1 миллиард 937 миллион АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестициялар ва кредитлар ўзлаштирилди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 1,6 баробар кўп. Инвестицияларнинг катта қисми саноат, энергетика, қурилиш материаллари, кимё, туризм ва хизмат кўрсатиш соҳаларига йўналтирилди.
Бу маблағлар ҳисобидан 175 та янги инвестиция лойиҳаси ишга туширилиб, минглаб янги иш ўринлари яратилди. Энг муҳими, мазкур лойиҳалар импорт ўрнини босувчи ва экспортга йўналтирилган маҳсулотлар ишлаб чиқаришга хизмат қилмоқда.
Жорий йилда Бухоро вилояти халқаро иқтисодий алоқаларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратди. Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган очиқ иқтисодий сиёсат натижасида Бухоро хорижий инвесторлар учун энг жозибадор ҳудудлардан бирига айланиб бормоқда.
Хусусан, Хитой Халқ Республикасига амалга оширилган ташриф доирасида умумий қиймати 2,3 миллиард АҚШ долларига тенг инвестиция келишувлари имзоланди.
Ушбу келишувлар кимё саноати, чиқиндиларни қайта ишлаш, қурилиш материаллари, электротехника, логистика ва юқори технологияли ишлаб чиқариш соҳаларини қамраб олди.
Когон туманида 695 миллион долларлик йирик саноат лойиҳалари бўйича келишувларга эришилди. Жумладан, 165 миллион долларлик чиқиндиларни қайта ишлаш ва электр энергияси ишлаб чиқариш мажмуаси қурилиши бошланди.
Бугун Бухорода импортни қисқартириш ва маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш иқтисодий сиёсатнинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.
Биринчи ярим йилликда 182 та маҳаллийлаштириш лойиҳаси доирасида 2 триллион 265 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди ва 187 миллион долларлик импорт ўрни босилди.
Йил якунига қадар ушбу кўрсаткичларни янада ошириш мақсадида 194 та лойиҳани амалга ошириш, 4 триллион 136 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш, 324 миллион долларлик импорт ўрнини босиш ҳамда 1000 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган.
Бухоро асрлар давомида Буюк ипак йўлининг энг муҳим шаҳарларидан бири сифатида Шарқ ва Ғарбни боғлаб келган. Бугун эса бу тарихий мерос замонавий туризм индустрияси билан уйғунлашиб, вилоят иқтисодиётининг энг юқори ўсиш суръатларини таъминлаётган тармоқлардан бирига айланмоқда.
Президентимиз ташаббуси билан туризмни иқтисодиётнинг стратегик йўналиши сифатида ривожлантириш бўйича қабул қилинган қарорлар Бухорода янги босқични бошлаб берди. Энди асосий мақсад сайёҳлар сонини кўпайтириш эмас, балки уларнинг вилоятда қолиш муддати, хизматлар сифати ва туризм экспортини оширишдан иборатдир.
2026 йилнинг биринчи ярмида вилоятга 1 миллион 577 минг нафар хорижий сайёҳ ташриф буюрди. Шунингдек, 3 миллион 237 минг нафар маҳаллий турист Бухоронинг тарихий обидалари, зиёратгоҳлари ва маданий масканларига саёҳат қилди.
Туризм соҳасидаги экспорт ҳажми 450 миллион АҚШ долларини ташкил қилди.
Сўнгги йилларда Бухорода туризм инфратузилмаси тубдан янгиланди. Ҳисобот даврида 42 та янги оилавий меҳмон уйи ишга туширилиб, уларнинг умумий сони 730 тага, жойлаштириш қуввати эса 18 950 ўринга етказилди. Бу сайёҳларга янада қулай ва миллий анъаналарга уйғун хизмат кўрсатиш имконини яратди.
Йил якунига қадар меҳмон уйлари сонини 761 тага, жойлаштириш қувватини эса 19,5 минг ўринга етказиш режалаштирилган. Бу эса сайёҳларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини янада ошириш ва туризмдан олинадиган даромадларни кўпайтиришга хизмат қилади.
Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, келажак иқтисодиёти билим ва технологияларга таянади. Бухоро вилоятида ҳам рақамли иқтисодиётни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бугун вилоятда 74 та IT Park резиденти фаолият юритмоқда. Уларда 703 нафар юқори малакали мутахассис меҳнат қилмоқда. Энг муҳими, мазкур компанияларнинг 16 таси экспортчи корхона ҳисобланади. Бу Бухорода яратилаётган интеллектуал маҳсулотлар нафақат ички бозорда, балки халқаро бозорда ҳам рақобатлашаётганини англатади.
Биринчи ярим йилликда IT хизматлари экспорти 5,2 миллион АҚШ долларига етди. Кўрсатилган рақамли хизматлар ҳажми эса 70 миллиард сўмни ташкил қилди. Бу рақамлар ахборот технологиялари соҳаси вилоят иқтисодиётининг янги драйверига айланаётганини кўрсатади.
Бухоро вилоятида амалга оширилаётган саноат ва инвестиция сиёсати экспорт ҳажмининг изчил ўсишига хизмат қилмоқда. Энди экспорт таркибида тайёр маҳсулотлар, қайта ишланган саноат маҳсулотлари ва хизматлар улуши тобора ортиб бормоқда.
2026 йилнинг биринчи ярмида вилоятнинг умумий экспорт ҳажми 652 миллион АҚШ долларини ташкил қилди.
Маҳсулотлар ва хизматлар 40 дан ортиқ мамлакат бозорларига етказиб берилди. Европа, Яқин Шарқ ва Жануби-Шарқий Осиё давлатлари билан ҳамкорлик кенгайди.
Маҳсулотлар ва хизматлар 40 дан ортиқ мамлакат бозорларига етказиб берилди. Европа, Яқин Шарқ ва Жануби-Шарқий Осиё давлатлари билан ҳамкорлик кенгайди.
Йил якунига қадар экспорт ҳажмини 1,5 миллиард АҚШ долларига етказиш вазифаси белгиланган. Бу мақсадга эришиш учун янги экспортчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш, ташқи бозорларга чиқиш логистикасини такомиллаштириш ва маҳсулотларни халқаро стандартлар асосида сертификатлаштириш ишлари давом эттирилади.
Бухоро вилоятида амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг бош мезони фақат ялпи кўрсаткичларни ошириш эмас, балки ҳар бир оиланинг даромади, ҳар бир маҳалланинг иқтисодий фаоллиги ва аҳоли турмуш сифатини юксалтиришдан иборат.
Шу боис йилнинг биринчи ярим йиллигида амалга оширилган ҳар бир инвестиция лойиҳаси, ҳар бир саноат корхонаси, ҳар бир хизмат кўрсатиш объекти энг аввало янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли даромадларини оширишга йўналтирилди.
Президентимиз томонидан жорий этилган "маҳаллабай" ишлаш тизими бугун ўзининг амалий самарасини бермоқда. Энди ҳар бир маҳалланинг иқтисодий ихтисослашуви, аҳолининг касб-кори, ички имкониятлари ва тадбиркорлик ташаббуслари асосида манзилли ишлар ташкил этилмоқда. Бу эса иқтисодий ўсишнинг натижасини ҳар бир хонадон ҳис этишига хизмат қилмоқда.
Сўнгги йилларда банк тизимида ҳам мутлақо янги ёндашув шаклланди. Илгари кредит ажратиш жараённинг якуни ҳисобланган бўлса, бугун кредитнинг самарали ишлатилиши, янги иш ўринлари яратиши ва даромад келтириши асосий баҳолаш мезонига айланди.
2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида иқтисодиётнинг реал секторига 7,8 триллион сўм кредит маблағлари йўналтирилди. Шундан 4,2 триллион сўми кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга, 1,4 триллион сўми имтиёзли кредитлар сифатида аҳоли ва тадбиркорларга ажратилди.
Энг муҳими, ушбу молиявий қўллаб-қувватлаш натижасида 62,1 минг нафар фуқаронинг доимий даромад манбаи яратилди ёки кенгайтирилди.
Кичик бизнес субъектларининг айланма маблағларини тўлдириш, янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш ва хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш бўйича банклар томонидан манзилли ишлар давом эттирилмоқда.
Бухоро вилояти аграр соҳада ҳам салмоқли натижаларга эришди. Жорий йилда вилоят тарихида илк бор қарийб 216 минг тонна дон давлатга сотилди.
Шу билан бирга, 384 минг тоннадан ортиқ дон фермер ва деҳқонларнинг ихтиёрида қолдирилди.
Эришилган ушбу натижалар ҳисобига фермер хўжаликлари томонидан 2 триллион 120 миллиард сўм ялпи тушум шакллантирилиб, 730 миллиард сўм соф фойда олинди. Бу бир томондан, аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашга хизмат қилган бўлса, иккинчи томондан, қишлоқ аҳолиси даромадлари ва фермерларнинг иқтисодий барқарорлигини сезиларли даражада ошириш имконини берди.
Айни пайтда пиллачилик, боғдорчилик, сабзавотчилик ҳамда чорвачилик тармоқларида интенсив технологиялар, сув тежовчи ечимлар ва юқори ҳосилдор навларни жорий этиш ҳисобига маҳсулот етиштириш ҳажми, ҳосилдорлик ва қайта ишлаш кўрсаткичлари изчил ўсиб бормоқда. Қишлоқ хўжалигида хомашёни чуқур қайта ишлаш, қўшилган қиймат занжирини шакллантириш ва ташқи бозорларда рақобатбардош экспортбоп маҳсулотлар улушини кенгайтириш устувор вазифа сифатида амалга оширилмоқда. Бу эса аграр соҳани замонавий саноат билан интеграция қилиш, янги иш ўринлари яратиш ва вилоят экспорт салоҳиятини янада юксалтиришга мустаҳкам замин яратмоқда.
Иқтисодий тараққиётнинг ҳақиқий баҳоси қурилган корхоналар ёки жалб қилинган инвестициялар билан эмас, балки инсон ҳаётидаги ижобий ўзгаришлар билан ўлчанади. Шу маънода, 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида Бухоро вилоятида таълим, соғлиқни сақлаш, коммунал инфратузилма ва транспорт соҳаларида амалга оширилган ишлар аҳоли турмуш сифатини оширишга хизмат қилди.
Таълим тизимида 151 та умумтаълим мактаби ва 85 та мактабгача таълим ташкилотида қурилиш, реконструкция ва мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Бунинг натижасида 24 542 та янги ўқув ўрни яратилди, 6 760 та мавжуд ўрин замонавий талаблар асосида таъмирланди. Мазкур ишларга 1,4 триллион сўм маблағ йўналтирилди.
Соғлиқни сақлаш тизимида тиббий хизматлар қамровини кенгайтириш, замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминлаш ва аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш бўйича изчил ишлар давом эттирилди.
Аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш Бухоро вилояти учун энг устувор вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.
Осиё инфратузилма инвестиция банки иштирокида амалга оширилаётган йирик лойиҳалар доирасида 2 та ичимлик суви иншооти, 5 та оқова сув тозалаш иншооти, 2 188 километр ичимлик суви тармоғи ҳамда 721 километр оқова сув тармоғи қурилиши режалаштирилган. Лойиҳалар тўлиқ амалга оширилгач, 1,8 миллион нафар аҳоли марказлашган ичимлик суви билан, 507 минг нафар аҳоли эса оқова сув хизматлари билан қамраб олинади. Натижада ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 83 фоизга, канализация қамрови эса 22,7 фоизга етади.
Жамоат транспортини модернизация қилиш бўйича ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Биринчи ярим йилликда 101 та замонавий автобус харид қилиниб, жами 107 та автобус янги йўналишларда ҳаракатлана бошлади. 208 та янги автобус қатнови йўлга қўйилди ва 5,5 миллион нафар йўловчига хизмат кўрсатилди. Бунинг натижасида аҳолининг жамоат транспорти билан қамров даражаси 23 фоиздан 39 фоизга ошди. Шунингдек,
120 та бекатда электрон тўлов тизими жорий қилиниб, жамоат транспортида нақд пулсиз ҳисоб-китоб тизими тўлиқ ишга туширилди.
Ҳудудларда аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида кўп қаватли уй-жойлар қурилиши жадал давом эттирилмоқда.
2026 йилда 7 500 та замонавий квартира қуриш, шундан 7 000 тасини фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Янги турар-жой массивлари муҳандислик-коммуникация тармоқлари, ижтимоий объектлар ва яшил ҳудудлар билан биргаликда барпо этилмоқда.
Биринчи ярим йилликда эришилган натижалар муҳим пойдевор яратди. Энди асосий вазифа – ушбу ўсиш суръатларини сақлаб қолиш ва йил якунига қадар белгиланган барча прогноз кўрсаткичларини тўлиқ таъминлашдир.
Бунинг учун:
• ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмини 103 триллион сўмга, иқтисодий ўсиш суръатини 110,1 фоизга етказиш;
• саноат ишлаб чиқаришини 63,6 триллион сўмга, хизматлар ҳажмини 55,7 триллион сўмга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини 55,3 триллион сўмга, қурилиш ишларини 23,9 триллион сўмга етказиш;
• экспортни 1,5 миллиард АҚШ долларига олиб чиқиш;
• инвестиция дастурида белгиланган барча лойиҳаларни ўз вақтида ишга тушириш;
• 913 та янги хизмат кўрсатиш ва савдо объектларини фойдаланишга топшириш;
• 5 257 та янги иш ўрни яратиш;
• маҳаллийлаштириш ва импорт ўрнини босиш бўйича барча режаларни тўлиқ бажариш;
• ҳар бир маҳаллада барқарор даромад манбаларини кенгайтириш асосий вазифа этиб белгиланган.
Қайд этилаётган ҳар бир кўрсаткич, ҳар бир ютуқ мамлакатимиз раҳбарининг оқилона ислоҳотлари натижасидир.
Шу боис Ўзбекистон Республикаси Президенти фармон ва қарорлари, Ҳукумат ҳужжатлари ҳамда мажлис баёнларида белгиланган топшириқларнинг ўз вақтида ижросини таъминлаш ва уларни сифатли бажариш устидан қатъий назорат ўрнатиш фаолиятимизнинг энг устувор йўналиши ҳисобланади.
Ҳокимлик аппаратида қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижроси бўйича маълумотларни ижро муддати якунланишини кутмасдан, олдиндан электрон тизимга киритиб бориш амалиётига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
2026 йилнинг январ-июнь ойлари давомида вилоят ҳокимлиги аппаратида ижро интизоми ҳолати 55 маротаба танқидий-таҳлилий муҳокама қилинди.
Ҳисобот даврида “Ijro.gov.uz” ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими орқали вилоятга дахлдор жами 2 446 та топшириқ келиб тушган бўлиб, шундан 1 360 тасида вилоят ҳокимлиги асосий ижрочи, 1 086 тасида ҳамижрочи сифатида белгиланган.
Шунингдек, ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизимининг Президент Администрацияси модули орқали вилоят ҳокимлигига дахлдор 238 та ва Вазирлар Маҳкамаси топшириқлари модули орқали эса 552 та топшириқ келиб тушган бўлиб, уларнинг барчасининг ижроси таъминланди.
Жорий йилнинг июль ойи топшириқларининг ўз вақтида ва сифатли таъминлаш мақсадида кунбай календарь режаси ишлаб чиқилди. Шу билан бирга ҳар бир ҳоким ўринбосари кесимида “йўл харита”лари шакллантирилиб, тасдиқланди ҳамда амалий ижрога йўналтирилди.
Қадрли бухороликлар!
2026 йилнинг биринчи ярим йиллиги якунлари Бухоро вилояти тараққиётида навбатдаги муҳим босқич бўлди. Эришилган натижалар иқтисодиётнинг барча тармоқларида барқарор ўсиш таъминланаётганини, инвестиция муҳити тобора яхшиланаётганини, саноат ва хизматлар соҳаси жадал ривожланаётганини ҳамда аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган ислоҳотлар амалий самара бераётганини кўрсатди.
Энг муҳими, Бухорода иқтисодий ўсишнинг янги модели шаклланди. Бу модель давлат томонидан замонавий инфратузилма яратиш, хусусий секторнинг инвестиция фаоллигини қўллаб-қувватлаш, рақобатбардош ишлаб чиқаришларни кенгайтириш, экспортни ошириш ва ҳар бир маҳалланинг иқтисодий салоҳиятини тўлиқ ишга солишга асосланмоқда.
Бугун Бухоро нафақат бой тарихи ва маданий мероси билан, балки замонавий саноати, рақамли иқтисодиёти, юқори инвестициявий жозибадорлиги ва тадбиркорлик муҳити билан ҳам мамлакат тараққиётининг фаол иштирокчисига айланмоқда.
Йилнинг иккинчи ярмида амалга ошириладиган устувор вазифаларнинг тўлиқ ижроси Бухоро вилоятининг "Бухоро–2030" стратегиясида белгиланган мақсадларга эришишини тезлаштиради. Натижада ҳудуд иқтисодиёти янада рақобатбардош бўлади, аҳоли фаровонлиги янада юксалади ва Бухоро мамлакатнинг энг жадал ривожланаётган ҳудудларидан бири сифатида ўз мавқеини янада мустаҳкамлайди.
