Қоракўл: “Sohil bo‘yi” аҳоли сайлгоҳи фойдаланишга топширилди
2026-07-25 16:05:00 / Янгиликлар
Қоракўл туманида аҳоли учун яна бир замонавий ва файзли маскан – “Sohil bo‘yi” сайлгоҳи, аҳоли дам олиш маскани тантанали равишда фойдаланишга топширилди. “Аму–Қоракўл” канали бўйида бунёд этилган ушбу маскан туманнинг обод қиёфасини янада бойитиб, маҳаллий аҳоли ва меҳмонлар учун оилавий ҳордиқ чиқарадиган шинам манзилга айланди.

Лойиҳа доирасида туман марказидан оқиб ўтувчи канал ўзанининг 2,5 минг метр қисми бетонлаштирилди. Шунингдек, ўтган ойларда 1,1 минг метр узунликдаги ҳудудда савдо ва хизмат кўрсатиш шахобчалари барпо этилгани ҳолда ўттизга яқин ташаббускор бандлиги таъминланмоқда. Ҳудуд декоратив ёритиш тизими, болалар ўйин майдончалари, барча қулайликка эга дам олиш зонаси билан жиҳозланиб, замонавий кўнгилочар масканга айлантирилди.
Сайлгоҳни фойдаланишга топшириш маросимида вилоятимизда тарғибот-ташвиқот тадбирларини олиб бораётган бир гуруҳ жамоатчилик вакиллари, республика Маънавият ва маърифат маркази фаоллари, жумладан, фалсафа фанлари доктори, профессор Жамила Шермуҳаммедова, тарих фанлари доктори, профессор ҳамда таниқли актриса Ойгул Абдураҳмонова, Ўзбекистон республикасида хизмат кўрсатган артист Гулбаҳор Эрқуловалар сўзга чиқиб, барчани туман ҳуснига кўрк бўлган янги иншоот билан самимий табриклаб, Ватанга садоқат, миллий бирлик ва маънавий қадриятларни асраб-авайлашнинг аҳамияти ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Эътироф қилинганидек, “Sohil bo‘yi” сайлгоҳи нафақат аҳолининг мазмунли ҳордиқ чиқариши, балки экологик муҳитни яхшилаш, туризм салоҳиятини ошириш ва туманнинг замонавий қиёфасини шакллантиришда муҳим қадамдир.
Тадбирда таниқли хонандалар Азиз Ражабий, Ирода Искандаровалар томонидан ижро қилинган шўх қўшиқлар, Ватан, тинчлик ва мустақилликни улуғловчи тароналар барчага байрамона кайфият улашди. Шунингдек, туман рақс жамоалари ҳамда маданият бўлими бадиий ҳаваскорлик жамоаси чиқишлари, ижро қилинган куй-қўшиқ ва рақслар даврага файз бағишлади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









