Олот: “Sohil bo‘yi” — дам олиш ва истироҳат маскани фойдаланишга топширилди
2026-07-24 18:35:00 / Янгиликлар
Олот тумани аҳолиси ва меҳмонлари учун кўпдан кутилган яна бир файзли манзил—“Sohil bo‘yi” дам олиш маскани тантанали равишда фойдаланишга топширилди. “Аму–Қоракўл” канали бўйида 500 метр масофада бунёд этилган бу маскан туманнинг обод қиёфасини янада бойитиб, оилавий ҳордиқ чиқариш учун қулай манзилга айланди.

Умумий қиймати 8 миллиард 510 миллион сўм бўлган лойиҳа доирасида канал бетонлаштирилди, пиёдалар йўлаклари барпо этилди, замонавий бесеткалар ва ҳимоя тўсиқлари ўрнатилди. Ҳудуд декоратив ёритиш тизими, болалар ўйин майдончалари ҳамда барча қулайликларга эга дам олиш зоналари билан жиҳозланиб, замонавий кўнгилочар масканга айлантирилди. Бунда замонавий архитектура ечимларига эга бўлган кўнгилочар маскан, оилавий дам олиш ҳудудлари, сайр йўлаклари, хизмат кўрсатиш шохобчалари, кичик савдо шахобчалари, болалар учун ўйин майдончалари ҳамда ёшлар учун спорт ва дам олиш жойлари ташкил этилган.
Халифа маҳалласида амалга оширилаётган ушбу лойиҳа доирасида 15 дан ортиқ тадбиркорлик субъекти ўз фаолиятини бошлаётган бўлиб, бунда 50 тадан зиёд янги иш ўрни яратилмоқда. Бу ҳам маҳалла аҳолисининг даромад манбаларини кенгайтириш, ёшларни иш билан таъминлаш, ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлаш ва аҳоли турмуш фаровонлигини оширишда муҳим омилдир.
Куни кеча дам олиш маскани очилишида республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари, Маърифат тарғиботчилари жамияти аъзолари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари олотликлар хурсандчилигига шерик бўлишди.
Тадбир давомида фалсафа фанлари доктори, профессор Жамила Шермуҳаммедова, тарих фанлари доктори, профессор ҳамда таниқли актриса Ойгул Абдураҳмонова, Олот тумани ҳокими Наргиза Неъматовалар сўзга чиқишиб, миллий бирлик ва маънавий қадриятларни асраб-авайлаш, Ватанга меҳр-муҳаббат, қолаверса, сўнгги йилларда янгиланиб бораётган юртимиз ва Олот туманидаги бунёдкорликлар хусусида фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Тадбирда пойтахтдан келган таниқли хонандалар Азиз Ражабий ва Сардор Шавкатов ижросидаги Ватан, тинчлик ва мустақилликни улуғловчи куй-қўшиқлар барчага байрамона кайфият улашди. Шу куни туман маданият бўлими бадиий ҳаваскорлик ва рақс жамоалари концерт дастури ҳам йиғилганларга байрамона кайфият улашди.
Янги “Соҳил бўйи” маскани нафақат аҳолининг мазмунли ҳордиқ чиқариши, балки экологик муҳитни яхшилаш, туризм салоҳиятини ошириш ва туманнинг замонавий қиёфасини янада юксалтириш йўлида муҳим қадамдир.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









